Оламшумул трансфер, 7 йил кутилган қонун ва реновацияга старт — ҳафта дайжести
Футбол оламида шов-шув: Абдуқодир Ҳусанов 40 млн фунтлик трансферда “Манчестер Сити”га ўтди. 7 йилга чўзилган қонун ниҳоят имзолашга тайёр: жарима баллари ашаддий қоидабузар ҳайдовчиларнинг танобини тортади. Уй-жой қурилишида янгиликлар: харидорларга кешбек берилади, янги квартираларда газ бўлмайди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Бу амалга ошди
Ҳафтанинг бош қаҳрамони – Абдуқодир Ҳусанов. Бир неча ҳафталик музокаралар ва тайёргарликдан кейин, душанба куни “Манчестер Сити” 21 ёшли ўзбек йигити трансферини эълон қилиши билан, миллионлаб ватандошларимизнинг том маънода бошини кўкка етказди. Сабаби, Ҳусанов 4 йилдан бери Англияда чемпионликни бермай келаётган гранд клуб сафига шунчаки ёш ва умидли истеъдод эгаларидан бири сифатида эмас, асосий таркибда ўйнаши аниқ бўлган топ юлдуз сифатида қўшилди.
Премьер-лигадаги илк ўзбек учун “Сити” Франциянинг “Ланс” клубига 40 млн евро тўлайди. Бонуслар билан бу миқдор 50 млн еврогача етиши мумкин. “Шаҳарликлар” Ҳусанов учун “Реал Мадрид” ва яна ўндан ортиқ бошқа клублар билан рақобатлашишига тўғри келди. Манаман деган гигантларнинг Ҳусановни талашгани бежиз эмас: у ҳозир дунёдаги энг яхши ҳимоячилардан бири. Статистикага кўра, Абдуқодир тўпни олиб қўйиш бўйича Европада тенгсиз, яккакурашларда устун келиш бўйича энг яхшилардан. Шунингдек, у жуда тез югуради, ўйинни яхши ўқийди. Ўзини ҳам, рақибини ҳам аямай тўпга ташланади, лекин қоидани бузмаган ҳолда подкатларда самарали ҳаракат қилади.
Миллий жамоамиз аъзоси “Сити” билан 2029 йилгача шартнома тузди. Маоши йилига тахминан 3,5 млн евро бўлади. Илк машғулотлардан кейин мураббийи Хосеп Гвардиола унинг жисмоний кўрсаткичларини мақтади, шу билан бирга, тезроқ инглиз тилини ўрганиши кераклигини айтди. Абдуқодирнинг дебюти бугун, Тошкент вақти билан соат 22:30 да бошланадиган “Челси”га қарши ўйинга тўғри келиши мумкин. “Абдуқодир Ҳусанов аллақачон [жисмонан] мослашишга улгурган”, деди ўйиндан олдинги матбуот анжуманида Пеп Гвардиола. У клуб расмий сайтига берган интервюсида Абдуқодирнинг тезлигини алоҳида урғулади.
Жарима баллари тўғрисида қонун
Потенциал қотил ҳайдовчиларга юзлаб марта қоидабузарлик қилишига рухсат берадиган қонунчилик ваниҳоят ўзгартириляпти. Жарима балларини жорий этиш бўйича илк марта топшириқ берилганидан салкам 7 йил ўтиб, бу ҳақдаги қонун Сенатда маъқулланди. Қонунга кўра, қайта-қайта қоидабузарлик қилиши натижасида бир йил ичида тўплаган жарима баллари 12 баллга етган ҳайдовчилар 6 ойдан 3 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади. Қайси қоидабузарлик учун қанча жарима балли ҳисобланишини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
Қонундан яна бошқа янгиликлар ҳам ўрин олган. Хусусан, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган шахс яна рулга ўтирса, бунинг учун жиноий жавобгарликка тортилади. Шунингдек, автомобилни маст ҳолда бошқарганлик учун жарима миқдори БҲМнинг 25 баробаридан 40 баробаригача оширилади. Такроран маст ҳолда рулга ўтирган ҳайдовчилар устидан жиноят иши очилиб, уларга 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Бундан ташқари, ҳайдовчиликка ўқитиш ва имтиҳон олиш тартибини бузиш ҳам жиноят деб эълон қилиняпти. Маъмурий кодексга киритилаётган қўшимчалар эса кўча фақат меники деб ўйлайдиган тартибсиз ҳайдовчиларга тааллуқли: қонун кучга киргач, автомобилни агрессив бошқариш, дрифт қилиш, шахмат шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни юзага келтириш жаримага сабаб бўлади.
Сенат мажлисида очиқланган рақамларга кўра, 2024 йилда ҳам Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ одам автоҳалокат қурбони бўлган. Маълум қилинишича, ўтган йили республикада 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилган ва уларда 2203 киши ҳалок бўлиб, 8901 киши жароҳатланган. Бу рақамлар 2023 йил билан таққослаганда 3–5 фоизга камроқ. Қурбонлар ва жароҳат олганларнинг қанчаси болалар экани, жароҳат олганларнинг қанчаси оғир ногирон бўлиб қолгани очиқлангани йўқ.
Баҳсли модда ҳам унутилмаган
Минглаб одамларнинг йўллардаги ўлимини камайтиришга қаратилган қонундан, орган ходимларининг тасвирларини интернетда тарқатиш бўйича баҳсли бўлиб келаётган модда ҳам жой олган. Ички ишлар вазирлиги 3 йилдан бери илгари сураётган бу норма ўтган вақт давомида эволюцияга учради ва барибир ҳаётга татбиқ этиладиган бўлди. Бу таклиф илк марта илгари сурилган 2022 йилда Kun.uz уни “no photo, no video” қонуни деб атаганди. Чунки ўшанда вазирликнинг таклифи радикал характерга эга эди: ЙПХ ходимининг тасвирини унинг рухсатисиз тарқатиш тақиқланиши кўзда тутилганди.
Кейинчалик, формулировка ўзгартирилди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи барча органлар ходимларининг тасвирларини “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлар 15 суткага қамалиши назарда тутилди. Лекин бу ҳам анча баҳсларга сабаб бўлгач, охирги бир йилда бу масала очиқ мажлисларда қайтиб кўтарилмади. Ачинарлиси, битта шу модда сабаб жарима баллари ва бошқа прогрессив чоралар ҳам бир йилдан кўпроқ вақтга кечикиб кетди.
Куни кеча Сенат тасдиғидан ўтган версияга асосан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларнинг тасвирини “уларни обрўсизлантиришга олиб келадиган тарзда бузиб тарқатганлик” учун жавобгарлик белгиланмоқда. Сенатнинг изоҳлашича, қонун билан, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото-видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинади, лекин тарқатилаётган тасвир ходимларни обрўсизлантиришга олиб келадиган қилиб монтаж қилинмаслиги керак. Бу модда бўйича айбдор деб топилганлар БҲМнинг 20 бараваридан 50 бараваригача жаримага тортилади ёки 10 суткагача қамалади.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг сўзларига кўра, юқоридаги ўзгаришлар билан бу баҳсли модда бироз юмшатилган бўлса-да, моҳият ўзгармай қолган.
“Қонунни бироз юмшатишибди, фуқароларнинг бўйнига тузоқ бўладиган айрим жойларини олиб ташлашибди, жамоатчилик эътирозларни инобатга олишибди. Аммо барибир қонуннинг моҳияти ўзгармаган. Аслида ушбу моддани бутунлай чиқариб ташлаш энг тўғриси бўлар эди”, – деди ҳуқуқшунос.
Янги квартиралар газга уланмайди
Бундан буён янги қурилаётган квартираларда табиий газ бўлмайди. Қурилиш вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, бу йилдан бошлаб янги қуриладиган кўп қаватли уйларнинг барчаси ё ҳудудда мавжуд марказлашган қозонхонага уланади, ёки алоҳида янги қозонхоналар қурилади.
Пайшанба кунги президент селекторида маълум қилинишича, бу йил Ўзбекистонда 135 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилган бўлиб, уларнинг барчасида иссиқлик таъминоти марказлашган бўлади, овқат пишириш учун эса электр плитасидан фойдаланилади. Расмий хабарга кўра, ҳозирда 18 мингта хонадон газда индивидуал иситиладиган қилиб қурилгани учун фойдаланишга қабул қилинмай турибди. Президент мутасаддиларга масала ечими бўйича таклиф киритиш топшириғини берди.
Бу янгиликка муносабат билдирган Олий Мажлис депутати Алишер Қодиров янги қуриладиган уйларда энергия манбаси сифатида фақат электр энергиясидан фойдаланиш таклифини қўллаб-қувватлашини билдирди ва буни изоҳлаб айтган гапи билан яна тармоқларда муҳокама мавзусига айланди.
“Газ – қиммат ресурс. 1 куб газдан 10 га яқин юқори қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижга сотиш ва унинг пулига миллионлаб қоракўзларимизга иш ўрни яратиш мумкин. Тилла қатори миллиардлаб куб газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборадиган халқнинг косаси оқармайди”, – дея ёзди депутат Қодиров.
Статистика агентлиги куни кеча эълон қилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон 2024 йилда Россия ва Туркманистондан 1,7 млрд долларлик газ сотиб олган. Бу – 2023 йилга нисбатан 2,4 баробарга, 2022 йилга нисбатан 6 баробарга кўп. Эътиборлиси, шундай шароитда газ экспорти сезиларли ошган. Расмий рақамларга кўра, ўтган йили Ўзбекистон хорижга 628 млн долларлик газ сотган, бу – 2023 йилга нисбатан 18 фоизга кўп.
Бу йил 6 та шаҳарда реновация дастури бошланади
Президент селекторида уй-жой қурилиши бўйича бошқа қатор янгиликлар ҳам эълон қилинди. Шавкат Мирзиёев соҳада яширин иқтисодиётни қисқартириш учун янги уй-жой оладиган фуқароларга ўзи тўлаган маблағининг бир қисмини кэшбек қилиб қайтариш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни буюрди. Улуш киритиш асосида қурилаётган уйдан квартира сотиб олган харидорлар уй битмасдан туриб ҳам квартирани бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади.
Уй-жой қурилишида кузатилаётган турли муаммоларга ечимлардан бири сифатида, бундан буён кўп қаватли уй қуриш учун ерлар аукционда фақат ҚҚС тўловчи юридик шахсларга сотилиши белгиланди. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди. Шунингдек, соҳада эскроу тизими жорий этилиши, қурувчиларга айланма маблағлар учун 310 млн доллар ажратилиши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёев эскирган уйлар ўрнида реновация асосида замонавий кўп қаватли уйлар қуришга катта эътибор қаратиш кераклиги, буни авария ҳолатидаги уйларда яшаётган одамлар кутаётганини айтди. 2025 йилда Тошкент, Жиззах, Марғилон, Қўқон, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида реновация асосида 20 мингта хонадон қурилиши кутилмоқда.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Эркинжон Турдимов ўз карьерасидаги тўртинчи вилоятга ҳоким бўлди. 55 ёшли арбоб президент фармони билан Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У икки ой олдин саломатлиги туфайли Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод этилганди. Турдимов, аввалроқ Навоий ва Сурхондарё вилоятларини ҳам бошқарган. Шу тариқа, у тўртта вилоятда ҳокимлик қилган илк сиёсатчига айланди. Эркинжон Турдимов ҳозиргача умумий ҳисобда 24 йил ҳоким, 16 йил вилоят ҳокими бўлиб ишлаган ва бу борада ҳамкасблари орасида мутлақ рекордчи саналади.
Сречко Катанец футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийлигидан кетди. Словениялик мутахассис соғлиғидаги муаммо сабабли катта эҳтимол билан мураббийлик фаолиятига якун ясаганини маълум қилди. Унинг ўрнига Ўзбекистон олимпия жамоасини илк марта Олимпиадага олиб чиққан Тимур Кападзе тайинланди. Кападзе энди миллий жамоани илк марта Жаҳон чемпионатига олиб чиқиши керак. Бу истеъфо ва тайинловдан бир кун олдин Абдусалом Азизов ЎФА раҳбарлигидан кетгани маълум қилинганди. Унинг вазифалари биринчи вице-президент Равшан Эрматовга юкланган. Ассоциация президентлиги учун навбатдан ташқари сайлов 22 февралга белгиланган.
Пахта сотуви бўйича тартиб яна ўзгармоқда. Эндиликда фермерлар биржага кластерлар жойлаган таклифлар орасидан бир ёки бир нечтасини танлаш орқали фючерс, форвард ёки спот шартномаларини тузади. Ню-Йорк биржасидаги охирги 6 ойлик ўртача котировка бошланғич нарх сифатида олинади. Савдолар ҳудудий чегаралар доирасида ўтиши бўйича чеклов сақлаб қолиняпти. Пахтани ўз ҳисобидан етиштирган фермерларга сотилган пахта қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия тўланади.
Бойсундаги М25 кони жойлашган ҳудудда оловли майдонлар юзага келди. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, 20 га яқин жойдан сизиб чиқаётган газ ёндириб қўйилган. Ҳолат видеоси тарқалганидан кейингина расмий хабар берган Энергетика вазирлиги конда тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Бу стандарт ёндашув экани, халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб бериши айтилмоқда.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид

08:10
Себзор кўчасида иккита Nexia-3 иштирокида ЙТҲ содир бўлди

22:31 / 08.03.2025
Сектор бошқарувининг тугаши, метаннинг очилиши ва Бобожонов истеъфоси — ҳафта дайжести

17:01 / 06.03.2025
Тошкентда уй-жой нархлари йиллик ҳисобда 2,3 фоизга пасайди

15:12 / 06.03.2025