Ўзбекистон | 22:31 / 08.03.2025
11035
10 дақиқада ўқилади

Сектор бошқарувининг тугаши, метаннинг очилиши ва Бобожонов истеъфоси — ҳафта дайжести

Ички ишлар вазири лавозимидан олинди: истеъфо сабаби ҳақида изоҳлар бўлмади. Коррупция мавзусида йиғилиш: амалдорлар бойлигини декларациялаш кун тартибига қайтди. Сектор бошқаруви тугатилмоқда: айрим органлар ўз соҳасига кирмайдиган ишлардан қутулади. Ва энг асосийси: метан-шохобчалар ниҳоят очила бошлади. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид энг муҳим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

ИИВда раҳбар алмашди

Ўзбекистонда сиёсий вазни энг оғир лавозимлардан яна бирининг эгаси ўзгарди. Пўлат Бобожонов 7,5 йиллик фаолиятидан кейин, ички ишлар вазирлигидан кетди. 64 ёшли генерал президент администрациясига ишга ўтказилган. У давлат раҳбарининг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчисига ўринбосар этиб тайинланди. Бобожонов билан бирга, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи Шавкат Раҳмонов ҳам ишдан олинди.

Янги вазир сифатида Азиз Тошпўлатов иш бошлади. У 5 йилдан бери Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасини бошқариб келаётганди. 47 ёшли Тошпўлатов бунга қадар Наманган ва Самарқанд вилоятларида ИИБ бошлиғи бўлган, бир муддат ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2021 йилда генераллар сафига қўшилган. Вазир тайинловнинг эртасига йиғилиш ўтказиб, ўзининг собиқ лавозимига кадр тайинлади: Хоразм вилояти ИИБни бошқариб келган Равшан Султонхўжаев Тошкент шаҳар ИИББга бошлиқ бўлди.

ИИВ раҳбарияти нега алмаштирилгани ҳақида ҳозирча изоҳлар бўлмади. Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида бошқа бир вазирнинг истеъфоси ҳақида гапирди. Президентнинг айтишича, ўтган ҳафта фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ва унинг ўринбосарлари ишдан олинишига – қурилиш учун рухсат бериш, бинони топширишда ёнғин хавфсизлиги бўйича бюрократия ва қонунбузишлар кўпайиб кетгани сабаб бўлган.

Ҳудудларни секторларга бўлиб бошқариш тугатилмоқда

“Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи уйма-уй юриб, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди”. “Бош прокурор ўринбосари маҳаллаларга чиқиб, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди”. Бу каби хабарлар, қанчалик ғалати туюлмасин, 7 йилдан буён ўзбекистонликлар учун одатий ҳолга айланиб қолганди. 2017 йилдан бошлаб йўлга қўйилган тартибга асосан, ҳудудлар тўртта сектор – ҳоким, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларига бўлиб берилган ва улар секторни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун масъул деб белгиланган эди. 5 март куни президент Шавкат Мирзиёев бошқарувнинг бундай тизими бекор қилинишини эълон қилди.

“Узоқ ўйлаб бир қарорга келдик. Бундан буён секторлар фаолияти билан прокурор, ички ишлар ва солиқ шуғулланмайди. Уларнинг ўрнига энди бош вазир ўринбосарлари ўзининг ресурси ва тизимини ишлатсин”, деди президент.

Давлат раҳбари бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш миллий комиссияси йиғилишида айтиб ўтди. Йиғилишда янграган муҳим баёнотлардан яна бири – давлат хизматчиларининг даромадини декларациялаш ҳақида бўлди. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, бу ҳақдаги қонунни қабул қилиш вақт-соати келган. Қонун лойиҳасини тез фурсатда жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача киритиш топшириғи берилди. Қонунчиликка ноқонуний бойлик орттириш ҳақида модда киритилиши кутилмоқда. Яъни, давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши керак бўлади.

Амалдорларнинг бойлигини декларациялаш масаласи кун тартибига қайтгани қувонарли. Ёдингизда бўлса, ноқонуний бойлик орттириш жиноят кодексига киритилиши ҳақида 2020 йилда хабар берилган эди. 2021 йилда имзоланган фармонга кўра, давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш 2022 йил 1 январдан бошланиши керак эди. “Декларациялаш бошлангач, қайси амалдорнинг қанча бойлиги борлиги ҳамма учун очиқ бўлади”, деганди ўшанда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов. Ўтган вақт давомида агентлик тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, тизимнинг техник асослари ҳам тайёрлиги ҳақида бир неча бор маълумот берган, халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистон расмийларига буни эслатиб келаётган, лекин масала долзарблигини йўқотгандек таассурот бор эди.

Чоршанба кунги йиғилишда маълум қилинишича, 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмалари раҳбарлари ишдан олинади. Соғлиқни сақлаш, қурилиш ва сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот” компанияларининг коррупцияга қарши комплаенс назорати Аксилкоррупция агентлигига ўтказилади. Тендерсиз давлат харидларини 2 баробарга қисқартириш, амалдорларнинг хизмат автомобилида юришини кескин камайтириш, давлат идоралари миллий автомобил ва миллий мебелларга ўтиши кераклиги таъкидланди. Президент ички ишлар органларида статистикани яхшилаш учун жиноятлар яширилаётганини яна бир бор танқид қилди, адвокатлар дуч келаётган тўсиқларни бартараф этишга оид қонун лойиҳасини 3 ой ичида киритиш топшириғини берди.

Сохта экспортдан миллиардлар

Коррупцион шарт-шароитлар ҳатто ўнлаб аъзоларга эга жиноий гуруҳлар пайдо бўлиши учун замин яратиб беряпти. Куни кеча Давлат хавфсизлик хизмати салкам 40 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилганини хабар қилди. Аниқланишича, гуруҳ таркибида 17 нафар солиқчи, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, божхона, банк ходимлари ва бошқалар бўлган. Улар сохта компаниялар очиб, Қирғизистонга гўёки мебел экспорт қилингани ҳақида ҳужжатлар расмийлаштирган ва ҚҚСни қайтариб олиш орқали 24,5 млрд сўмни талон-торож қилган. Мирзо Улуғбек туман судининг ҳукми билан, 38 нафар судланувчидан 14 нафари 5,5 йилдан 7,5 йилгача озодликдан маҳрум қилинган. Айни пайтда, жиноятчилардан ҳеч бирининг на шахси, на аниқ лавозими очиқланди. Ўғри солиқчилардан энг каттаси қанақа мансабда ишлагани, қайси туман ҳокимининг биринчи ўринбосари жиноий гуруҳга бош қўшгани каби саволлар очиқ қолмоқда.

Ҳафта давомида, Тошкентда ички ишлар терговчиси 500 доллар пора билан ушланиб, 2 йилга қамалгани, Миллий гвардия ходимларидан бири 5500 доллар, яна бири 1500 доллар билан қўлга тушгани маълум бўлди. Ромитанда миллиардларни ўмаришни режа қилиб, сохта ҳужжатлар тайёрлаган “районо” мудири ва унинг шериклари устидан суд ҳукми ўқилди. Оҳангаронда эса Kun.uz суриштирувидан кейин маҳкумнинг уйини ўзлаштириб олган ҳоким ўринбосари ишдан олинди.

Эксклюзив ҳуқуқлар бериш чекланди

Ўзбекистонда энди хоҳлаган компанияга бошқа ҳеч кимда йўқ эксклюзив ҳуқуқни чексиз муддатга бериб бўлмайди. Ҳар ҳолда, қонунчиликка кўра энди шундай. Президент фармони билан бу борада чекловлар белгиланди. Унга кўра, бундан буён эксклюзив ҳуқуқлар узоғи 3 йил муддатга, фақат хавфсизлик мақсадларидагина берилиши мумкин. Фармон билан, Рақобат қўмитасига эксклюзив ҳуқуқ берилган субъектлар рўйхатини 1 апрелгача очиқлаш топшириғи берилди.

Рақобат мавзусида охирги кунларнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири – Хитойдан арзон товарлар етказиб берувчи Temu маркетплейсининг блокланиши бўлмоқда. Бу ҳафта Солиқ қўмитаси ва Истиқболли лойиҳалар агентлиги баёнот бериб, 20 мартдан эътиборан Temu'га чекловлар киритилишини эълон қилди. Аҳолига бу платформада буюртма бермаслик, ҳали етиб келмаган товарлар учун тўловни эса қайтариб олиш тавсия этиляпти. Temu'нинг блокланиши, аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган хорижий савдо платформаларининг фаолияти тақиқлангани билан боғлиқ.

Тармоқларда бу қарорнинг бенефициари ва эҳтимолий лоббисти кимлиги ҳақидаги муҳокамалар давом этаркан, Солиқ қўмитаси маркетплейслар фаолияти устидан текширувлар ўтказмоқда. Қўмитага кўра, бу текширувлар доирасида Россиянинг Wildberries маркетплейсидан 51 млрд сўм ёки қарийб 4 млн доллар қўшимча солиқ ундирилган. Wildberries'нинг Ўзбекистондаги фаолияти солиқ қонунчилигидаги “айрим талабларга мос келмаслиги” аниқланди, дейилади солиқ органининг баёнотида.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Баҳор келиши билан, ниҳоят метан-заправкалар очила бошлади. Энергетика вазирлиги газ қуйиш шохобчаларига қўйилган чекловлар 6 мартдан бошлаб босқичма-босқич олиб ташланишини эълон қилди. Қизиғи, вазирлик баёнотида бунга “ўтган кунлар мобайнида олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида” эришилгани айтилади. Шунчаки баҳор келиб, кунлар илиб қолди, деган рост гапни эса вазирлик баёнотида учратмайсиз.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими амал қила бошлади. Икки мамлакат ўртасида бу борада эришилган келишув 25 февралдан бошлаб кучга кирди Натижада айрим турдаги маҳсулотлардан ташқари икки мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божлари бекор қилиниб, савдо тартиботлари соддалаштирилди. Бунгача Туркманистон МДҲ доирасидаги эркин савдо зонасининг аъзоси бўлмагани учун туркман маҳсулотлари Ўзбекистонда, ўзбек маҳсулотлари эса Туркманистонда юқори ставкаларда божга тортиб келинган.

Қувасойдаги юзлаб дарахтлар ноқонуний кўчириб ўтказилганини Экология вазирлиги ҳам тасдиқлади. Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, табиатга етказилган зарар 2 млрд сўм атрофида баҳоланяпти. Янада ачинарлиси, кўчирилган дарахтлар келгусида нобуд бўлиши хавфи юқори бўлган ер майдонларига экилган, яъни уларнинг қуриб қолиши эҳтимоли катта. Аввалроқ Kun.uz бу дарахтлар бевосита Қувасой шаҳар ҳокимининг ташаббуси билан, кўчириш баҳонасида қўпориб ташланганини маълум қилганди. Кейинги ўрганишларимиз, қувғин қилинган 270 туп кўпйиллик соғлом дарахтлар жойлашган жой яшил жамоат парки бўлганини кўрсатди. Боғни бузганларга ҳозирча бирор чора кўрилгани йўқ.

Маданият вазирлиги, ҳуқуқ органлари ва диний қўмита вакиллари санъаткорларни йиғиб, мажлис ўтказди. Расмий хабарга кўра, мажлисда санъаткорларга одоб-аҳлоқдан маъруза қилинган. Яқинда қабул қилинган диний сиёсат концепцияси тушунтирилиб, “у ёки бу динни тарғиб қилмаслик” уқтирилган. Масъуллар артистларга мурожаат қиларкан, уларни қонунларга сўзсиз риоя қилишга, ўзбекона қадриятларни унутмасликка чақирган. Санъаткор шоҳона ҳаётини кўз-кўз қилмаслиги кераклиги ҳам қўшимча қилинган.

Мавзуга оид