Ўзбекистон | 20:00 / 23.01.2025
3294
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлар билан учрашув ўтказди

Учрашувда UNICEF, UNESCO, UNDP, IHTT, Жаҳон банки ва бошқалар билан таълим масаласига янги ёндашувлар муҳокама қилинди.

Фото: Telegram/Saida Mirziyoyeva

«Халқаро таълим куни арафасида мен Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги ислоҳотлари самарасини, муваффақиятларини фахр билан эътироф этмоқчиман. Биз таълим — фаровонлик пойдевори эканига қатъий ишонамиз ва ҳар бир бола учун ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятини таъминлашга интиламиз», — деб ёзади Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналига.

Қайд этилишича, президент ёрдамчиси бугун, 23 январ куни халқаро ҳамкорлар — UNICEF, UNESCO, UNDP, IHTT, Жаҳон банки ва бошқалар билан муҳим учрашув ўтказган. Мулоқот давомида таълим масаласига янги ёндашувлар — инновациялар, замонавий методикалар ва жаҳон тажрибасига асосланган ечимлар муҳокама қилинган.

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида сифатли таълим олиш имкониятидан барча эркин фойдаланиши учун зарур шароит яратишга эришамиз», — дея таъкидлайди Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, 15 ноябр куни Саида Мирзиёева талабалар билан учрашган эди. Ўшанда президент ёрдамчиси учрашув давомида очиқ ва самимий мулоқот бўлиб ўтганини таъкидлаганди. Декабр охирларида эса Президент администрациясида Ўзбекистоннинг навқирон ва билимдон ўғил-қизлари билан учрашув бўлиб ўтганди.

Мавзуга оид