Фан-техника | 17:02 / 22.01.2025
11828
2 дақиқада ўқилади

Коинотда 33 минг км/соат тезликдаги шамол қайд этилди — бу рекорд кўрсаткич

Энг кучли шамол оқимлари WASP-127b экзосайёрасида аниқланган.

Фото: eso.org

Халқаро астрономлар гуруҳи экзосайёра атмосферасида ҳозиргача қайд этилган энг тез шамол оқимларини аниқлади. WASP-127b экваторида уларнинг тезлиги соатига 33 минг километрга етади. Кашфиёт Европа жанубий обсерваторияси томонидан эълон қилинди.

WASP-127b — 2016 йилда кашф этилган газ гиганти. Бу сайёра Ердан 500 ёруғлик йилидан ҳам узоқроқ масофада жойлашган бўлиб, унинг ўлчами Юпитердан бироз каттароқ, аммо зичлиги анча паст. Илмий гуруҳ ушбу объект атмосферасида сайёранинг айланиш тезлигидан деярли олти баробар тезроқ эсаётган шамолларни аниқлади.

Геттинген университети тадқиқот раҳбари Лиза Нортманнинг айтишича, WASP-127б сайёрасида кузатилган тахминан 9 км/секунд (ёки 33 минг км/соат) тезликдаги шамол энг тез шамол ҳисобланади.

“Биз бундай ҳодисани илгари ҳеч қачон кузатмаганмиз”, — деб қўшимча қилди у.

Таққослаш учун, Қуёш тизимидаги энг кучли шамол Нептунда қайд этилганди — у атиги 0,5 км/секунд (1,8 минг км/соат) тезликка чиққан.

Тадқиқот Чилидаги “Улкан телескоп” деб аталадиган CRIRES+ спектрографи ёрдамида олиб борилди. Олимлар WASP-127b сайёраси атмосферасининг юқори қатламларидан ўтаётган юлдуз ёруғлигини таҳлил қилиб, унинг таркибини аниқлади. Шундан сўнг, улар сайёрада товушдан тез эсувчи шамоллар мавжудлигини кашф этди.

Мавзуга оид