Жаҳон | 19:35 / 21.01.2025
5649
3 дақиқада ўқилади

Исроиллик миллатчи вазирлар урушни тиклашни талаб қилмоқда

Исроил ва ҲАМАС келишувга эришганидан кейин Итамар Бен Гвир ва Бецелел Смотрич каби радикал миллатчилар сочини юлаётган бўлса керак, дегандик. Улар чиндан сочини юлдими ёки йўқ, билмадик, лекин бутун Фаластин ерларини босиб олиб, фаластинликларни ҳайдаб солиш керак деб ҳисоблайдиган Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар бен Гвир истеъфога чиқди.

«Нетаняҳу қизил чизиқни босди»

Итамар Бен Гвир ўзи билан бирга яна икки вазирни олиб кетди. Уларнинг учаласи ҳам ултра ўнгчиларнинг «Яҳудийлар кучи» партияси аъзоси ҳисобланади. Бен Гвирнинг айтишича, бош вазир Бинямин Нетаняҳу барча ғоявий қизил чизиқларни босиб ўтган. Вазир ҲАМАС билан келишувни «терроризмнинг ғалабаси» деб атади.

Истеъфога чиққан яна бир вазир Амихай Элиягу ҲАМАСга қарши уруш тиклансагина ҳукуматга қайтиши мумкинлигини айтди.

Исроил миллий хавфсизлик вазири сўзларига кўра, Нетаняҳу унга ҳукуматда қолиши учун босиб олинган Ғарбий соҳилда янги манзилгоҳлар қуришни ва штаб бошлиғи Ҳерси Ҳалевини ишдан бўшатишни таклиф қилган. Бироқ Нетаняҳу маъмурияти бу гапларни ёлғон деб атади.

ҲАМАС билан келишувни Бен Гвирнинг «идеологик эгизаги» Бецелел Смотрич ҳам танқид қилди. «Диний сионизм» партияси аъзоси бўлмиш молия вазири Смотрич ҳозирча коалициядан чиқмаслигини айтди. У Нетаняҳу ва Бен Гвир билан суҳбатдан кейин шундай қарорга келган. Смотрич Исроил келишувнинг биринчи босқичидан кейин урушни тикламаса, яъни иккинчи босқичга ўтса, ҳукуматдан кетиш билан таҳдид қилган. Исроил нашрларига кўра, бу миллатчи радикал ҳукуматдан кетиши Исроилда муддатидан аввал сайловлар ўтказилишига олиб келади.

Нетаняҳу ҳозирча алмашув борасида тўлиқ баёнот бергани йўқ. У сулҳни ғалаба каби кўрсатишга интилмаяпти, чунки атрофидаги миллатчи вазирлар Ғазода қирғинни давом эттириш керак деб ҳисоблайди. Нетаняҳу агар келишув барбод бўлса, Ғазода урушни тиклашга ва ҲАМАСни йўқ қилишга ваъда берган. Ваҳоланки, Исроил томони ҲАМАС устидан ғалаба ҳақида жар солиб, урушни аввал Ливанга, кейин ҳусийчиларга қарши кўчириб бўлганди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид