Жаҳон | 10:51 / 20.01.2025
6053
2 дақиқада ўқилади

Ямандаги ҳусийчилар 200 млрд долларлик иқтисодий зарар келтирди

Ҳусийчилар ҳужуми туфайли денгиз орқали юк ташиш нархи беш баравар ошди, деб ёзади The Economist. АҚШ Қизил денгиздаги кемаларни ҳимоя қилиш учун беш миллиард доллар сарфлади.

Фото: AP

Яман ҳусийчиларининг ўтган йили жаҳон савдосига етказган зарари деярли 200 миллиард долларни ташкил қилди. Денгиз орқали юк ташиш нархи беш бараварга ошди, дея хабар берди Лондонда чоп этиладиган The Economist нашри 18 январ, шанба куни.

Миср энг кўп тўғридан тўғри зарар кўрди, Сувайш каналидан тушган даромаднинг 7 миллиард долларини йўқотди - одатдаги даромаднинг учдан бир қисмини. АҚШ Қизил денгиздаги кемаларни ҳимоя қилиш учун беш миллиард доллар сарфлади.

Денгиз йўналишларининг ўзгариши

2024 йил давомида ҳусийчилар кемаларни Африкани айланиб ўтишга мажбур қилди. Осиёдан йўналишлар тахминан олти минг километрга узайтирилди, саёҳат вақти эса 10-14 кунга кўпайди. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, юқори тезликда узоқроқ сафарлар ёнилғи сарфини ошириб, ҳар бир рейс нархига тахминан 1 миллион доллар қўшади. The Economist манбаларига кўра, Қизил денгиз орқали ташиш учун суғурта тарифлари 20 баравар ошди.

Хитой ва Россия эса ҳусийчилар ўз кемаларига ҳужум қилмагани учун фойда кўрди. Ҳозирги вақтда Сувайш канали орқали ўтаётган нефтнинг катта қисми Россияга тегишли. Юк ташиш компанияларининг фойдаси ҳам ошди. Умуман олганда, таъминот занжирлари Қизил денгизнинг кутилмаган де-факто блокадаси қаршисида мустаҳкамлик кўрсатди, дея қайд этади нашр.

Ғазо секторида Исроил ва Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи ўртасида уруш бошланганидан бери ҳусийчилар Исроилдаги нишонларга, шунингдек, Қизил денгиздаги ҳарбий кемалар ва савдо кемаларига мунтазам ҳужум қилиб келмоқда.

Мавзуга оид