Жаҳон | 20:11 / 20.01.2025
14135
8 дақиқада ўқилади

3 га 90. Исроил ва Ҳамас ўртасидаги сулҳ қандай кечмоқда?

Ғазода ўт очишни тўхтатиш режими бошлангач, Ҳамас гаровдаги уч аёлни қайтарди, иккинчи куни Исроил фаластинлик 90 маҳбусни озод қилди.

Фото: Dawoud Abu Alkas / Reuters / Scanpix / LETA

19 январ куни гаровдаги исроилликларни фаластинлик маҳбусларга алмашиш жараёни бошланди. Ҳамас уч нафар исроилликни қўйиб юборди: Роми Гонен (24 ёш), Эмили Дамари (28 ёш) ва Дорон Штейнбреҳерни (31 ёш).

Уларнинг учаласи ҳам 2023 йил 7 октябрда Supernova фестивалига ҳужум вақтида гаровга олинган. Улар 471 кунни асирликда ўтказишди. Исроил томонига кўра, ўшанда жами 250 га яқин киши гаровга олиниб, 1200 киши ҳалок бўлганди.

Исроил томонига кўра, гаровга олинганлардан 90 га яқини ҳозирга қадар бедарак йўқолган деб ҳисобланади, катта эҳтимол билан улардан фақат 57 нафари тирик қолган. Бундан ташқари, Ҳамас урушга қадар яна икки кишини гаровга олганди.

Dawoud Abu Alkas / Reuters / Scanpix / LETA

Гуруҳ маҳбусларни Ғазо шаҳридаги Сарой майдонида Қизил хоч ходимларига топширган. Бу ерда сулҳ ва алмашувни нишонлаш учун катта оломон йиғилган, фаластинликлар бу келишувни Исроил устидан ғалаба сифатида кўришмоқда. Ҳамас аъзолари Қизил хоч машинаси йўлини очиб боришига тўғри келган.

Ҳамас аъзолари исроилликларни Қизил хочга топширмоқда. Ғазодаги Сарой майдони, 2025 йил 19 январ. Видеодан кадр

Қизил хоч ходимлари уч аёлни Исроил армиясининг «Реим» базасига олиб борган, бу ерда улар Исроил томонига топширилган ва оила аъзолари билан учрашишган. Улар тўлиқ текширувдан ўтказиш учун базадан вертолётда Рамат-Ганедаги «Шиба» тиббиёт марказига етказилган. Қизил хоч вакилининг сўзларига кўра, уларнинг ҳолати қониқарли. Эмили Дамари озод этилганидан кейинги илк фотосуратларда чап қўлидаги икки бармоғи йўқлиги кўринган. Оила аъзоларининг маълум қилишича, у бармоқларини 2023 йил 7 октябрдаги ҳужум вақтида йўқотган.

Эмили Дамари онаси Мэнди билан. Дамари Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужуми чоғида ўқотар қуролдан жароҳатланган

Тел-Авивдаги майдонда ҳам минглаб кишилар тўпланган; улар гаровдагилар озод этилишини жонли эфирда кузатиб боришди. Гаровдан қайтганлар ҳозирча журналистлар билан мулоқот қилмади — расмийлар шифокорлар талаби билан тиббий ва руҳий ҳолатига баҳол берилмагунича уларни кенг оммадан иҳоталамоқда.

Тел-Авивдаги майдонда митинг. 2025 йил 19 январ
Oded Balilty / AP / Scanpix / LETA

Исроил мудофаа армияси ва Ҳамас томонидан тарқатилган видеога кўра, фаластинликлар ушбу исроиллик аёлларни совға бериб жўнатган, улар машинага чиққанида ҳар бирига ҳаракатнинг ҳарбий қаноти логотипи акс этган қоғоз пакетлар тутқазилган.

Пакетларда Ғазо сектори харитаси, аёлларнинг асирликдаги фотосуратлари ҳамда «озод этилганлик тўғрисидаги гувоҳнома» бўлган. The Jerusalem Post ҳамасчилар гаровдагиларни «далил»ни кўрсатган ҳолда жилмайиш ва суратга тушишга мажбурлаганини ёзган.  

Видеода Қизил хоч ходими араб тилидаги, Ҳамас вакили эса инглиз тилидаги қоғозларга имзо қўйганини кўриш мумкин. 

The Times of Israel бу «совға» ва ҳужжатлар — Ҳамаснинг тинч аҳоли ўғирлаб кетилганига «қонуний тус» беришга қаратилган пропаганда кампаниясининг бир қисми бўлганини таъкидлаган. Исроиллик мулозимлар бу ҳаракатни «ваҳшийлар томонидан озодликдан маҳрум этилган аёлларни сурбетларча психологик эксплуатация қилиш» деб атаган.

20 январга ўтар кечаси Исроил ҳам фаластинлик 90 нафар маҳбусни озод қилди. Маҳбуслар алмашувидан олдин улар Қуддус яқинидаги «Офер» қамоқхонасига олиб борилган. Бу ерда Исроил хавфсизлик кучлари ва Қизил хоч вакиллари ҳар бир маҳбуснинг шахсини текширган ва тиббий кўрикдан ўтказган.

Исроил Ҳамас билан келишув доирасида 90 нафар фаластинлик маҳбусликни қўйиб юборди 

Қамоқхона атрофида ўнлаб фаластинлик намойишчилар тўпланган. Қатарнинг «Ал-Жазира» телеканалига кўра, исроиллик ҳарбийлар қамоқхона атрофида йиғилганларга кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган, намойишчилардан камида етти нафари яраланган, икки нафари қўлга олинган.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, озод этилганларнинг 69 нафари аёллар, улар орасида вояга етмаган қиз ҳам бор, 21 нафари эса ўсмир йигитлар. Times of Israel маълумотига кўра, уларнинг кўпчилиги, 78 нафари — Ғарбий соҳилга, қолган 12 киши — Шарқий Қуддусга етказилган.

Улар минган автобуслар Ғарбий соҳилдаги Рамаллоҳга мушакбозлик ҳамроҳлигида кириб келган, уларни кутиб олиш учун минглаб кишилар кўчаларга чиққан.

Фото: AFP

Озод этилганлар орасида — Фаластин мухториятининг Европа кенгашидаги вакили, Фаластин озодлиги халқ фронти ҳаракатининг маҳбуслар қўмитаси раҳбари Холида Жарар ҳам бор.

AP хабарига кўра, маҳбусликдан қайтган тиббиётчи талаба Бараа Ал-Фукҳа Исроил қамоқхонасидаги сақлаш шароитлари «қўрқинчли» бўлгани, егулик ва ичимлик сув чекланган миқдорда берилганини сўзлаб берган. У журналистлар билан суҳбатда ўз оиласи бағрига қайтишдан енгиллик ва хурсандчилик ҳис қилаётганини айтган.

Агентлик хабарида айтилишича озод этилган маҳбусларнинг бир қисми Иорданнинг Ғарбий соҳилида исроиллик аскарларга тош отгани учун қўлга олинган, қолганлари — ижтимоий тармоқларда зўравонликни тарғиб этгани учун. Шунингдек, суиқасдга уринишни амалга оширгани учун қўлга олинганлар ҳам бор.

АҚШ президенти Жо Байден Ҳамас ва Исроил ўртасида келишув амалга ошиши бошланганини олқишлади. «Бу менинг иштирокимдаги энг қийин музокаралардан бири бўлди», — дея қайд этган келишувга эришишда воситачилардан бири бўлган Байден. Унинг сўзларига кўра, келишув якунларига кўра Ҳамас Ғазо секторидаги ҳокимият тепасида қолмайди, лекин эълон қилинган келишув шартларида бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Ўт очишни тўхтатиш режимини БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам олқишлаб, келишув Ғазо секторида ўта қийин аҳволда қолган аҳолига инсонпарварлик ёрдамлари етказилишини осонлаштириши кераклигини таъкидлаган.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти расмийси Абу Убейда алмашувдан кейин чиқиш қилган. У агар Исроил келишувга амал қилса, ўз гуруҳи ҳам амал қилишига ишонтирган. У шунингдек 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужум «Фаластин халқига кўрсатилган зулмга жавоб бўлгани»ни айтган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу омма қаршисида чиқиш қилмади. Унинг матбуот хизмати хабарига кўра, у ҳарбийларнинг гаровдагилар озод этилгани тўғрисидаги ҳисоботини тинглагани ва улардан «бутун Исроил халқи уларга қучоқ очиши ва уйларига бахтиёр ҳолда қайтишини тилаши»ни етказишни сўраган.

Ўтган ҳафтада Қатар, АҚШ ва Миср воситачилигида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режими бўйича келишувга эришилганди. Келишув бир неча босқични ўз ичига олади. Алмашув жараёни бу босқичлардан биринчиси доирасида ўтказилмоқда. Сулҳ 19 январ куни, маҳаллий вақт билан соат 11:15 да (Тошкент вақти билан 14:15) кучга кирди. Бу дастлабки келишувда белгиланганидан уч соат кечикиб бошланди. Бунга Ҳамас келишилганидек озод этиладиган исроилликлар рўйхатини ўз вақтида тақдим этмагани сабаб бўлган. Шу туфайли Исроил армияси шу куни тонгда Ғазо сектори бўйлаб зарбаларни давом эттирган. Маҳаллий манбаларга кўра, охирги ҳужумлар туфайли камида 12 киши ҳалок бўлган.

Кейинги алмашув 25 январ куни бўлиб ўтиши лозим. Ҳамас озод этиладиган исроилликларнинг навбатдаги гуруҳи рўйхатини алмашувдан бир кун олдин тақдим этиши керак бўлади. Сулҳнинг биринчи босқичидаги олти ҳафта давомида гаровдаги 97 кишидан 33 нафари қўйиб юборилиши кўзда тутилган. Исроил гаровдаги ҳар бир фуқароси эвазига 30 нафардан, ҳар бир ҳарбий учун — 50 нафардан фаластинликни қайтаради.

Мавзуга оид