Жаҳон | 07:35 / 20.01.2025
3709
3 дақиқада ўқилади

Ҳамас уч нафар исроиллик гаровга олинган аёлни Қизил Хочга топширди

Исроиллик гаровга олинган уч киши — Роми Гонен, Эмили Дамари ва Дорон Штайнбрехер ўт очишни тўхтатиш доирасида Ғазо секторидаги Қизил Хоч ташкилотига топширилди, деб хабар берди Ҳамас.

Фото: Maayan Toaf/GPO

Фаластиннинг Ҳамас ташкилоти Исроил билан ўт очишни тўхтатиш келишувининг биринчи босқичини амалга ошириш доирасида 19 январ, якшанба куни кечқурун Халқаро Қизил Хоч қўмитасига гаровга олинган уч аёлни топширди. Улар 24 ёшли Роми Гонен, 28 ёшли Эмили Дамари ва 31 ёшли Дорон Штайнбрехер эканлиги аниқланиб, Ғазо шаҳри марказида ХҚХК вакилларига топширилди, деб ёзади The Times of Israel.

Гонен Nova мусиқа фестивалидан, Дамари ва Штайнбрехер Кфар-Аза кибуцидаги уйларидан ўғирлаб кетилган. Баёнотда айтилишича, Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Қизил Хоч қўмитаси гаровдан озод қилинганлар қўлида эканлигини ва улар Исроил ҳарбийларига топширилишини тасдиқлаган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идорасига кўра, яқин етти кун ичида яна тўрт нафар аёл озод этилиши кутилмоқда.

The Jerusalem Post нашрининг ёзишича, гаровга олинган уч нафар исроиллик бўлган Қизил Хоч автомобили Исроил чегарасини кесиб ўтган. Газета хабарига кўра, Ғазо шаҳри марказидаги майдонда ХҚХК машинасини оломон ўраб олган, Ҳамас жангчилари улар йўлга чиқиши учун уни тарқатишга мажбур бўлган.

Исроил 90 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди

Исроил Ҳамас ҳаракати билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув доирасида 90 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилди, деб хабар бермоқда Reuters 20 январга ўтар кечаси фаластинликлар озод этилган Исроил қамоқхона хизматига таяниб. Бу маълумотни AFP агентлиги журналистлари тасдиқлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, ойналари қорайтирилган иккита автобус Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида жойлашган Офер ҳарбий қамоқхонаси ҳудудидан чиқиб кетган.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, гап Ғарбий Соҳилнинг 78 нафар ва Шарқий Қуддуснинг 12 нафар фуқароси ҳақида кетяпти. Ynet портали маълумотларига кўра, улар орасида 69 нафар аёл, жумладан, бир нафар вояга етмаган қиз, 8 нафар вояга етмаган ўғил бола ва 12 нафар эркак нисбатан кичик жиноятлар учун судланган.

Мавзуга оид