Qantas SpaceX ракетаси бўлакларининг қулаш хавфи сабаб рейсларини кечиктирди
Австралия авиакомпанияси Америка ракетасининг бўлаклари Ҳинд океанига қулаши мумкинлиги туфайли ЖАРга рейсларини қолдирди.

Фото: Reuters
Австралияга тегишли Qantas авиакомпанияси АҚШ регуляторининг SpaceX ракетаси бўлаклари Ҳинд океанига қулаши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларидан кейин ЖАРга рейсларини бекор қилишга мажбур бўлди, деб ёзмоқда Financial Times.
Компания охирги ҳафтада Сидней ва Йоханнесбург ўртасидаги бир нечта рейсини парвоздан бироз аввал бекор қилганини билдирди, бунга SpaceX ракетаси қисмларининг атмосферага қайтиш муддати ҳақида кечроқ огоҳлантирилгани сабаб бўлган.
Qantas авиакомпаниянинг операцион маркази бошлиғи Бен Ҳолланднинг таъкидлашича, ҳаво қатновини тўхтатмаслик учун SpaceX билан боғланилган. Qantas 1950 йиллар бошидан бери Ҳинд океанининг жанубий қисмидан ўтадиган йўналишлар бўйича хизмат кўрсатиб келади ва у мазкур минтақада фаолият юритувчи саноқли авиакомпаниялардан ҳисобланади.
АҚШда космик ракеталарнинг тижорий парвозлари, шунингдек, Америка компанияларининг мамлакатдан ташқарида ҳам учирилишлари, учиш аппаратлари қолдиқлари ва унинг қисмларини Ер атмосферасига қайтиши Федерал фуқаролик авиацияси бошқармаси томонидан назорат қилинади.
Одатда парвозлар траекторияси ракета қолдиқлари океаннинг чекка қисмларига тушиши инобатга олинган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Авиакомпаниялар ва денгиз кемаларига хавф остидаги зоналарни четлаб ўтиш тавсия қилинади.
Бундай ҳолатлар жуда кам рўй беришига қарамай, Qantas космик аппарат бўлакларининг қулаш хавфи сабаб рейсларини бекор қилган биринчи авиакомпания эмас. 2022 йилда Испания ҳаво макони Хитой ракетаси қолдиқларининг қулаш хавфи сабаб қисман ёпилган, 300 дан ортиқ рейслар бекор қилинган эди.
Шу билан бирга, сунъий йўлдошлар хизматига талаб ортиб бораётган ҳозирги замонда рекаталарни учириш жараёнлари ошиб боради. Ўтган йилда космик ракеталарни учириш бўйича рекорд ўрнатилган — 259 та парвоз. Уларнинг 256 таси муваффақиятли кечган бўлиб, парвозларнинг ярмидан ортиғи SpaceX компанияси ҳисобига тўғри келади.
Мавзуга оид

17:53 / 07.03.2025
Starship ракетаси кетма-кет иккинчи марта синов пайтида портлади

21:59 / 24.02.2025
NASA ва SpaceX хавфли астероидларни кузатувчи телескопни учиради

16:20 / 02.02.2025
SpaceX ракетаси Starlink учун 22 та сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқди

18:21 / 30.01.2025