Bloomberg: Сулаймон Керимов АҚШ санкцияларига учраганида ҳам SpaceX’да улушдор бўлган
Россиялик сенатор ва миллиардер Сулаймон Керимов Доналд Трампнинг биринчи администрацияси жорий этган санкциялар вақтида ҳам траст орқали Илон Маскнинг SpaceX компаниясида улушга эга бўлган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Фото: ТАСС
Россиялик сенатор ва миллиардер Сулаймон Керимов Доналд Трампнинг биринчи администрацияси вақтида жорий этилган санкциялар вақтида ҳам траст орқали Илон Маскнинг SpaceX компаниясида улушга эга бўлган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Агентликнинг тўрт нафар суҳбатдоши, жумладан, икки нафар юқори мартабали америкалик амалдорга кўра, Керимов SpaceX акцияларига 2017 йилда ташкил этилган ва Делавэрда жойлашган Heritage Trust орқали эгалик қилган. Аввалига трастнинг SpaceX’даги улуши тахминан 1 фоизни ташкил этган.
Сулаймон Керимов 2018 йил апрелида Олег Дерипаска, Виктор Векселберг ва бошқа миллиардерлар билан бир қаторда АҚШ санкцияларига учраган. Heritage Trust бошқаруви билан шуғулланган Citigroup компанияси мазкур ҳолат сабаб Молия вазирлигига мурожаат қилган ва траст ҳамда унга боғлиқ ташкилотни блоклаш заруратини кўрмаган.
2022 йил июн охирларида АҚШ Молия вазирлиги чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси Heritage Trust’нинг қарийб 1 миллиард долларлик активларини блоклаган. Bloombergʼнинг икки манбасини айтишича, бу вақтда SpaceX’нинг улуши аллақачон сотиб юборилган.
Citigroup вакили ҳолатга изоҳ беришдан бош тортган. Ноябр ойида Citigroup Heritage Trust’да ҳисобрақамини сақлаб қолишни давом этаётгани, аммо тақиқлар сабаб маблағларни тақсимлай ёки қабул қила олмаётгани маълум қилинган.
SpaceX, Илон Маск ва Керимовнинг ўзи агентлик сўровларига жавоб қайтармаган.
Bloomberg миллиардерлар индекси маълумотларига кўра, 58 ёшли Сулаймон Керимов энг бадавлат россияликлар рўйхатида 17-ўринни эгаллайди. Умумий ҳисобда унинг 9,9 миллиард долларга яқин соф капитали мавжуд. Керимов 2018 йилдан бери АҚШ санкциялари остида, шунингдек, кейинроқ Евроиттифоқ ҳам унга қарши санкциялар жорий этган — Керимов Путинга яқин олигархлардан бири ҳисобланади.
Мавзуга оид

17:53 / 07.03.2025
Starship ракетаси кетма-кет иккинчи марта синов пайтида портлади

21:59 / 24.02.2025
NASA ва SpaceX хавфли астероидларни кузатувчи телескопни учиради

16:20 / 02.02.2025
SpaceX ракетаси Starlink учун 22 та сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқди

19:17 / 29.01.2025