Исроил ҳужуми таҳдиди туфайли Байрут аэропортида парвозлар тўхтатилди
Исроил расмийлари аввалроқ Маждал Шамс қишлоғига ракета ҳужумига «жавоб» қайтаришга ваъда берган эди.

Фото: Anadolu Agency
Исроилнинг Ливанга эҳтимолий ҳужуми хавфи туфайли Байрутдаги Рафиқ Ҳаририй халқаро аэропортида парвозлар тўхтатилди.
Аэропорт веб-сайтида тақдим этилган парвоз маълумотларига кўра, Байрутдан дунёнинг турли йўналишларига ва ортга барча рейслар «бекор қилинган» ёки «кечиктирилган» деб белгиланган.
Қайд этилишича, Исроил армиясининг Ливанга ҳужум қилиши эҳтимоли борлиги сабабли парвозларни бекор қилиш ва вақтини ўзгартириш бир неча кун давом этади.
Ливан давлат авиакомпанияси - Middle East Airlines (MEA) кеча Байрутдан баъзи рейсларни эрталабгача кечиктирганини эълон қилди.
Маждал Шамсга ракета ҳужуми
Аввалроқ Исроил назоратидаги Жўлан тепаликларида Маждал Шамс қишлоғи футбол майдонига ракета тушиши натижасида 12 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлгани, 35 киши жароҳат олгани хабар қилинганди. Шифокорлар 17 нафар ярадорнинг аҳволини оғир деб баҳолаяпти.
Мавжуд разведка маълумотлари Жўландаги Маждал Шамсга ракета ҳужуми Ливан жанубида жойлашган Шеба қишлоғининг шимолидан уюштирилганини аниқлади, Исроил армияси ҳужумда «Ҳизбуллоҳ»ни айблади.
«Ҳизбуллоҳ» ҳаракатнинг Маждал Шамсга қилинган ҳужумга алоқадорлиги ҳақидаги хабарларни ёлғон деб атади ва уларнинг воқеага алоқаси йўқлигини билдирди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳужумни жавобсиз қолдирмасликка ваъда берди. «Исроил бу ҳалокатли ҳужумни эътиборсиз қолдирмайди. «Ҳизбуллоҳ» ҳеч қачон тўламаган юқори нархга дучор қилинади», деди бош вазир.
Мавзуга оид

10:27 / 10.03.2025
Германиянинг 13 та аэропортида иш ташлаш бошланди

20:44 / 09.03.2025
Ҳамбург аэропорти иш ташлашлар сабаб бутунлай фаолиятини тўхтатиб қўйди

17:10 / 07.03.2025
Олмаотада эркак пичоқ билан аэропорт ходимига ташланди. Уни танишини кузатгани келган шахс зарарсизлантирди

23:43 / 27.02.2025