Жаҳон | 09:08 / 02.03.2023
2577
3 дақиқада ўқилади

Россияда «кўнгиллиларни обрўсизлантириш» ҳолатлари суд қилинади

Тузатишлар қабул қилингандан кейин Украинадаги урушнинг ҳар қандай иштирокчисини «обрўсизлантириш» учун 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Қонун «Вагнер» ХҲК эгаси Евгений Пригожин ташаббуси билан ишлаб чиқилган.

Фото: Riamo

Россия Давлат Думаси Россиянинг Украинага бостириб киришининг барча иштирокчиларини, шу жумладан, «кўнгилли тузилмалар» жангчиларини «обрўсизлантириш» учун жиноий жазоларни назарда тутувчи бир қатор қонун лойиҳаларига ўзгартиришлар киритди. Бу ҳақда 1 март, чоршанба куни Россия парламенти қуйи палатаси раиси Вячеслав Володин ўзининг Telegram-каналида маълум қилди. У «ёлғон маълумот» ва нафақат Россия армиясини, балки «Россия Қуролли Кучлари олдига қўйилган вазифаларни бажаришга ёрдам берадиган» кўнгилли тузилмалар, ташкилотлар ва шахсларни «обрўсизлантирувчи» ҳар қандай маълумот тарқатишни «йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат» деб атади.

Россия Жиноят кодексининг иккита моддасига «кўнгиллиларни обрўсизлантириш» нормаси қўшилиши режалаштирилмоқда. Биринчи модда (207.3) – «Мамлакат ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш мақсадида Қуролли Кучлардан фойдаланилганлиги тўғрисида қасддан ёлғон маълумотни оммавий равишда тарқатиш» –  15 йилгача бўлган қамоқ жазосини назарда тутади. Иккинчи (280.3.) - «Қуролли Кучларни обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар, шунингдек, Россиянинг давлат органлари томонидан ўз ваколатларини маълум мақсадларда мамлакат ҳудудидан ташқарида амалга оширишни обрўсизлантириш» - 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Бундан ташқари, ҳар икки модданинг 1-қисми бўйича жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган. Шундай қилиб, Жиноят кодексининг 280.3-моддаси 1-қисмида уч йилгача озодликдан маҳрум қилишнинг энг кўп жазоси, худди шу муддатга муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан белгиланади. Тузатишлар бу муддатни беш йилга оширишни таклиф қилмоқда, деб ёзади РБК. Жиноят кодексининг 207.3-моддаси 1-қисмида энг юқори жазо – уч йилгача бўлган муддатга мажбурий меҳнат ёки худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини беш йиллик муддатга алмаштириш таклиф қилинмоқда.

Аввалроқ Давлат Думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси «кўнгиллиларни обрўсизлантириш» бўйича тузатишларни қўллаб-қувватлашни тавсия қилган эди. Давлат Думаси раиси таъкидлаганидек, таклиф қилинган тузатишлар бўйича иккинчи ўқиш 2 март, пайшанба куни, учинчи, якуний ўқиш - 14 март, сешанба куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид