Мустақилликнинг ҳокимни “кутаётган” симёғочлари
Ургутдаги Мустақиллик маҳалласи аҳли ҳокимнинг: “Симёғочларни ўзларинг пул йиғиб сотиб олсаларинг, трансформаторни ҳокимият қўйиб беради” деган ваъдасига ишониб, 53 млн сўм пул йиғишди ва 50 та симёғоч сотиб олишди. “Столба”лар етиб келганига 6 ой бўлдики, ҳокимдан дарак бўлмаяпти.

Фото: KUN.UZ
Ургут тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи фуқаролар электр энергиясидаги узилишлар, авария ҳолатига келиб қолган трансформаторларнинг “инжиқлигидан” чарчаган.
Бир йил аввал маҳаллага туман ҳокими Ботир Жабборов келган ва аҳоли билан мулоқот ўтказган. Учрашувда одамлар электр таъминотидаги узилишлар ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммони кўтаришган. Жабборов маҳалла аҳли пул йиғиб, симёғоч сотиб олган тақдирда учта трансформатор ҳокимият ташаббуси билан ўрнатиб берилишини ваъда қилган.
“Шундан кейин туман электр тармоқлари корхонаси вакиллари билан учрашиб, қанча “столба” кераклигини билиб олдик. Маҳалла фаоллари аҳолига вазиятни тўғри тушунтирдик. Агар ўзимиз ҳам озроқ ҳисса қўшсак, қолганига ҳокимият ёрдам қилишини билдирдик. Одамлар қараб туришмади, 53 миллион сўм маблағ йиғилди.
Пулни Ургут тумани электр корхонаси вакили Жуманазар акага бердик. Бизга элликта темир-бетон устунлари етказиб берилганига ҳам қарийб 6 ой бўлди. Бу вақт ичида бир неча марта туман ҳокимига, тегишли идораларга мурожаат қилдик, бироқ трансформатордан дарак йўқ.
Маҳалламизда эскириб кетган трансформаторлар сабаб тез-тез электр энергиясида узилишлар давом этяпти. Бундай ҳолатларда ўз ҳисобимиздан таъмирлаб турамиз. Одамлар чарчади. Ахир ҳокимнинг ваъдасига ишониб пул йиғдик, нега қолганига давлат ёрдам бермайди?
Биз яшаб турган жойларда аҳолидан ўша 53 миллион сўм йиғилиши ҳам катта гап аслида. Одамлар мажбурликдан, қийналиб кетганидан рози бўлиб пул берганди. Энди ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлди, аҳоли фаолларга ишонмай қолди, пулни қайтариб беришни сўраяпти”, – деди Синдор Иноятуллаев.
Kun.uz мухбири Ургут туман ҳокимининг соҳага масъул ўринбосари Шохруҳ Алиқулов билан телефон орқали суҳбатлашди. Алиқулов бу воқеалардан хабардорлигини айтди. Маҳалла аҳли ваъда қилинган трансформаторларни ўрнатиб беришни сўраб, ҳокимликка мурожаат қилганини ҳам тасдиқлади.
Май ойи охирида кечган суҳбатимизда Алиқулов трансформаторларни етказиб бериш жорий йилнинг иккинчи чораги якуни билан режалаштирилганини айтганди. Иккинчи чорак ҳам ўтиб бўлди – маҳалла аҳолиси Kun.uz'га қайта-қайта мурожаат қилишдан чарчамаяпти. Расмийлар уларни эшитмаётганидан норози. Шундоқ ҳам молиявий қийин аҳволда бўлган одамлар ёнидан чиқариб берган пули жойига етиб бормаган, деган фикрда.
Дарвоқе, одамлар йиғиб берган 53 миллион сўмни Ургут тумани электр корхонаси масъул ходими Жуманазар Арипов олган. Арипов ва Самарқанд вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси муҳандиси Анвар Ҳамидов биз билан суҳбатда йиғиб берилган маблағга темир-бетон устунлари харид қилганини билдиришди. Устунлар тадбиркордан сотиб олинган экан. Бироқ кимдан қанчага харид қилингани, қай тартибда кирим-чиқим бўлганини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим қила олишмади.
Хулоса ўрнида. Одатда аҳоли трансформаторга эҳтиёж сезса, масъуллар темир-бетон устунлари етарлича ишлаб чиқарилмаётганини важ қилишади. Аммо негадир Ургутда пул йиғиб берилгани учун симёғоч ҳам топила қолибди. Ҳудудий электр корхонаси ходимлари қаердан бўлса ҳам темир-бетон устунлари топиб беришганига қойил! Аҳолидан йиғилган 53 миллион сўм ҳақиқий жойига етиб борган, деб умид қиламиз. Бу масъуллар эътибор қилиши керак бўлган алоҳида мавзу, албатта.
Ҳозирча мурожаатчилар амаллаб “столба”ларни сотиб олишди. Энди ваъдасидан сўнг бир йил давомида сукут сақлаётган Ургут тумани ҳокими вазиятни ўзгартирадими ёки одамлар трансформатор учун ҳам пул йиғиши керакми?
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тавсия этамиз
Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?
Жаҳон | 19:21 / 09.05.2025
Мафкуралар кураши: 9 май аслида қандай кун?
Ўзбекистон | 14:22 / 09.05.2025
Қатиқ, мураббо ва ядро қуроли. Путин янги филмда нималар деди?
Жаҳон | 21:59 / 06.05.2025
Автомобил импортига экосертификат – утилизацияга қўшимча “бонус”ми?
Ўзбекистон | 20:34 / 06.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Европа осмонидан Etihad’гача – ўзбекистонлик стюардесса ҳикояси
Жамият | 13:05
-
Самарқанддаги уйда газ портлаши қурбонлари сони ошди
Ўзбекистон | 12:02
-
Андижон вилояти ҳокимлиги Шуҳрат Абдураҳмонов 15 ёшли қизни зўрлагани айтилган хабарга муносабат билдирди
Ўзбекистон | 11:39
-
Жаҳли чиққан Жапаров, матбуотдаги “жиддий аҳвол” ва ғалаба парадлари – Марказий Осиё ҳафта ичида
Жаҳон | 10:57
Мавзуга оид

12:31 / 08.04.2025
Ургутда гиёҳванд модда сотган мактаб директори 10 йилга қамалди

10:56 / 02.03.2025
Ургутга темирйўл линияси тортилади

19:30 / 10.02.2025
Бухорода магистрал газ қувурида келиб чиққан ёнғин тўлиқ ўчирилди

13:48 / 10.02.2025