Volkswagen моделлар қаторида янги минивэн пайдо бўлади

Технология 18 Июнь 2017 5826

Volkswagen компанияси I.D. Buzz концепти дизайнига ўхшаш электр минивэнни серияли ишлаб чиқармоқчи.

Бу ҳақда Auto Express нашрига немис маркаси бошқарув раиси Герберт Дисс маълум қилди. 

Тахмин қилинишича, янги минивэн электр двигатель билан жиҳозланади. Модель VW’нинг бўлғуси электрокарлари учун махсус яратилган MEB платформасида қурилади. Бироқ янги машинанинг ишлаб чиқарилиши аниқ муддатлари маълум қилинмаган.  

I.D. Buzz концепти жорий январда Детройт автосалонида илк бор намойиш қилинган. Минивэн дизайни T1 модели услубида бажарилган. Прототип умумий қуввати 370 от кучига эга иккита электромотор олган. Концепт илк 100 км/соат тезликка 5 сонияда эриша олади, унинг максимал тезлиги эса электроника билан 160 км/соат билан чекланган. Машина бир қувватланишда 600 км га яқин йўл боса олади. 

I.D. концептуал электрокарлари оиласига ҳаммаси бўлиб учта модель: минивендан ташқари, унга хэтчбек ва кроссовер киради. Улардан энг биринчи прототип – хэтчбек ўтган йил кузида, купесимон кроссовер эса 2017 йил апрелида намойиш қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, қолган электр концептлар ҳам конвейерга қўйилиши мумкин.