Эрон Исроилнинг кемани эгаллаб олишга алоқадорлиги ҳақидаги айбловини рад этди

Жаҳон 14:59 / 21.11.2023 5406

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канани Чафи Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу идорасининг Қизил денгиздаги Galaxy Leader'нинг эгаллаб олинишида Эрон Ислом Республикаси (ЭИР) иштирок этгани ҳақидаги айбловларини рад этди. «Бу айбловлар асоссиз», деди Канани Чафи 20 ноябр, душанба куни Теҳрондаги матбуот анжуманида. Унинг сўзларини маҳаллий Tasnim агентлиги келтирмоқда.

«Биз минтақадаги қаршилик гуруҳлари ўз манфаатлари ва халқ манфаатларидан келиб чиқиб, мустақил ва тасодифан ҳаракат қилишини бир неча бор таъкидлаганмиз», - дея қўшимча қилди у. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, «Исроил Фаластин ҳудудида катта мағлубиятга учраганига чидай олмаяпти ва Эронни айблаш орқали ўз мағлубиятига баҳона топмоқчи». 

Канани Чафи Яқин Шарқдаги можаро кучайиши АҚШнинг Исроил ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлагани натижаси эканини яна бир бор таъкидлади. Аввалроқ Қўшма Штатлар кескинликнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар бир қисми сифатида шарқий Ўрта Ер денгизига иккита авиаташувчи жанговар гуруҳини юборган эди.

Теҳрон қаршилик гуруҳларини қўллаб-қувватлаш ниятида

ҲАМАСга молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиши айтиладиган Эрон аввалроқ унинг 7 октябр куни Ғазодан бостириб киришини «муваффақиятли» деб атаган, бироқ ундаги бевосита иштирокини рад этди. Эрон можаро кенгайиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган ва ноябр ойи бошида ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян урушнинг шиддати унинг кенгайишини «муқаррар» қилишини таъкидлаган.

Эрон президенти Иброҳим Раисий аввалроқ унинг мамлакати «қаршилик гуруҳларини қўллаб-қувватлашни ўз бурчи» деб билишини, лекин улар «фикрлари, қарорлари ва ҳаракатларида мустақил» эканини айтган эди.

Ҳусийчилар томонидан Galaxy Leader'нинг эгаллаб олиниши

Бир кун аввал Исроилнинг барча кемаларига ҳужум қилиш ниятини билдирган яманлик ҳусийчи исёнчилар Қизил денгиздаги Galaxy Leader кемасини эгаллаб олди. Аввалроқ, Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳусийчилар Исроилга ракета ва учувчисиз учоқларни учирган эди.

The Times of Israel нашрининг ёзишича, ҳусийчилар қўлга киритган кема Баҳама ороллари байроғи остида ҳаракатланган ва қисман исроиллик магнат Авраам Унгарга тегишли бўлган, у Британия компаниясида рўйхатдан ўтган. Эгаллаб олинган вақтда кема япон компаниясига ижарага берилган. Турли манбаларга кўра, кема бортида 52 киши бўлган. 

Ambrey денгиз хавфсизлиги масалалари компаниясининг маълум қилишича, кеманинг «умумий эгаси Ray Car Carriers сифатида рўйхатдан ўтган», унинг бош компанияси исроиллик тадбиркор Авраам Унгарга тегишли.

The Times of Israel Қизил денгизда кеманинг эгаллаб олиниши муносабати билан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идорасининг баёнотини эълон қилди. Унда япон компанияси томонидан бошқариладиган Британия кемаси «Эроннинг хоҳишига кўра Ямандаги ҳусийчи исёнчилар томонидан қўлга олингани» айтилган. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 13 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Кўпроқ янгиликлар