2008 йил 81 ёшида оламдан ўтган америкалик олим Самуел Хантингтон 1992 йили Америка тадбиркорлик институтида нутқ сўзларкан, кейинчалик дунёда жуда машҳур бўлиб кетган ва янги назарияга айланган бир фикр, башоратни билдирган эди: “Дунё тақдирини маданиятлар тўқнашуви ва унда устун келган томонлар ҳал этади”.
Баъзи таҳлилчилар назарида турли жамиятларда эркинлик чекланиб, цивилизациялар ўртасидаги қарама-қаршиликлар кучайиб борар экан, Хантингтоннинг тахминлари исботини топяпти.
Ўтган бир ойдан ошиқроқ вақт давомида янги тўлқинда давом этаётган ва ўн минглаб инсонлар: норасида гўдаклар, аёллар ва бошқа бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлган Исроил-Фаластин уруши дунё жамоатчилигини ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ.
Катта баҳслар авжида, дунё янада қутблашиб бормоқда. Ғарбнинг аксар мамлакат етакчилари Исроилнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаётган бўлса, Шарқ, мусулмон дунёси яҳудий давлатини босқинчиликда айбламоқда. Қутблашиш диний ва геосиёсий манфаатларга асосланмоқда.
Kun.uz мухбири давом этаётган шу урушга марҳум олим Хантингтон назарияси, асосида қараб суҳбат ўтказди. Хўш, маданиятлар тўқнашуви шунчаки назариями ё аллақачон реалликка айланган ҳақиқат?
Суҳбат меҳмонлари Файласуф Виктор Алимасов, Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори Олимжон Давлатов ва сиёсатшунос Ҳамид Содиқ бўлди.
— Интервюга кириш сўзимни бежиз Самуел Хантингтон сўзларидан бошламадим.
Зеро, бугун дунёда давом этаётган қатор келишмовчиликлар, низоли вазиятларга қараб, наҳотки, олим ҳақ бўлса, деган фикрга борасан киши. Келинглар, бошқа савол ва фикрларга, жумладан, бугунги суҳбатимизнинг марказий объектларидан бири бўлган Исроил-Фаластин урушига ўтишдан аввал дастлаб шу саволни муҳокама қилсак.
Бугун дунёда бўлаётган можароларда халқларнинг, жумладан, ғарб ва мусулмон жамиятларининг маданий ва диний хусусиятлари қанчалик асосий манба?
— Виктор Алимасов:
— Маданиятлар тўқнашуви ҳақидаги фикр Хантингтон кашфиёти эмас, ундан олдин Шопенгауэр, Шпенглер каби файласуфлар айтиб ўтган.
Фаластин ва Исроил ўртасидаги тўқнашувларни маданиятга боғлаш нотўғри, менимча. Агар шундай бўлса, иккаласи ўртасидаги тўқнашув маданият пайдо бўлгандан бери бор, деган хулосани келтириб чиқариши мумкин, бу хавфли хулоса. Уруш ер учун, сиёсий мавқе учун бўляпти десак, тўғрироқ бўлади.
Олимжон Давлатов:
— Жалолиддин Румий: ”... бу дунёда дўстлик, душманлик, гина-кудурат, адоватлар ҳам авлоддан авлодга ўтиб келади”, дейди. Пайғамбаримизнинг, унинг атрофидаги кишиларнинг Аллоҳга муҳаббати қандай бизга мерос бўлган бўлса, динсизларга Абу Лаҳаб ва Абу Жаҳлларнинг мероси бор. То қиёматга қадар бир-бирига қарши тушунчалар ўртасида кураш давом этади.
Лекин ҳозир Ғарб ва Шарқ масаласи бўляпти. Мусулмон Шарқида инсоннинг бахт-саодати келажакда, яъни охиратда бўлади, деган тушунча бор. Шарқ учун инсонни инсон қилувчи нарса имондир. Ғарбда эса ақл биринчи ўринда туради, имон эмас. Шу нуқтаи назардан бу икки минтақа маданиятида фарқ бор. Лекин маданият, маърифат тугаган жойда уруш бошланади. Бу борада Виктор Алимасов фикрига қўшиламан.
Демакки, урушларда мақсад бошқа бўлади, фақат маданият, инсон ҳуқуқлари каби нарсалар билан ёпишга ҳаракат қилишади. Диний, маданий факторлар борлигини тан олиш керак, лекин бирламчи омил эмас булар.
Виктор Алимасов:
— Инсоният пайдо бўлгандан бери 6 минг йилини цивилизация шароитида яшаяпти ва шундан фақат 292 йил дунёда уруш бўлмаган. Уруш асосчилари цивилизация ўчоқлари, маданиятли халқлар бўлиб келган ҳам. Мана шу нарсани Исроил ва Фаластин можаросига тақамаслик керак. Бўлмаса, бу уруш цивилизацион жараёнда юзага келган воқелик давоми бўлиб талқин қилинади ва муаммони ечиш имконсиз бўлиб қолади. Айтганимдек, ҳозирги вазиятда жой, иқтисодиёт, мавқе каби омиллар бор.
Ҳамид Содиқ:
— Сиёсатшунос сифатида Хантингтон фикрларига ҳам эътибор қаратамиз. Бундай тўқнашув борми-йўқми, бор деб қабул қилишга мажбурмиз. Чунки маълум бир катта давлатлар мана шу асарлар ёки шу асарларни ёзган одамлар тафаккур доирасида сиёсий фикр юритар экан, биз бу билан ҳисоблашишга мажбурмиз.
Мавзуни таҳлил қилишда икки тушунча: давлатчилик ва цивилизация масаласини кўриш керак бўлади. Америкалик сиёсатшунос Фукуямо Хантингтон фикрлари билан параллел даврда «Тарих тугади, охирги инсон яшаяпти. Бутун инсоният ғарбча давлатчиликка ўтади, либерализм устун бўлади» деган фикрларни илгари сурди. Совуқ урушда СССР ютқизгач, Фукуямо фикрлари машҳур бўлди. Лекин кейин маълум бўлдики, тарих ҳали тугамаган экан.
Биз ғарбча цивилизациянинг давлат тафаккуридаги ҳудудлармиз. Давлатчилигимиз либерал-демократик тафаккур билан қурилган. Яъни Ғарб тафаккури асосида Шарқ давлатлари ҳам шаклланган. Шунинг учун Шарқ давлатларининг Исроилга нисбатан муносабатида маълум бир юмшоқликларни кўрамиз.
Цивилизацион тўқнашувларни қайсидир маънода бор деб ўйлайман. Фақат «тагоқар» шаклда бор. Ислом билан тирашган монотеистик ғоялар бор: яҳудийлик ва христианлик. Булар тарихий жараёнда ютқазди, яъни цивилизацион ўсишдан тўхтади. Европанинг ўзи христианликни черковга қамади, чунки ҳаддан ташқари бошқарувга аралашар эди. Ислом эса ўсишда давом этяпти, бу эса тўқнашувни юзага келтиради.
Ўз вақтида Ислом билан коммунизм тўқнашди ва Ислом енгиб чиқди. Хитойдаги коммунизм ҳам демократик тамойилларга эга.
Фукуямо, Хантингтон каби замонавий олимлар либерализм тушунчасини олиб келди. Либерализм асосида утилитаризм ётади, яъни умумий истеъмолга асосланган. Бугун эса Ислом ва либерализм тўқнашяпти, неолиберализм десак ҳам бўлади. Чунки булар умуман бошқа-бошқа тафаккурлардир. Миллий давлатчилик пайдо бўлишида бу икки тафаккурлар тўқнашди. Умумий айтганда, ҳозирда цивилизацион тўқнашувлар бор, фақат ички тиктоник кўринишда бўляпти.
- Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Суҳбатни Илёс Сафаров олиб борди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси –Абдуқодир Тўлқинов.
Овоз оператори – Мурождон Содиқалиев.