Саноат корхоналарига “яшил белбоғ” қуриш талаби кучга кирди. Қаерда қанча дарахт экилади?

Ўзбекистон 23:29 / 04.10.2023 4968

2023 йил 31 май куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланган. Ушбу фармонга асосан, 2023 йил 1 сентябрдан ҳар бир йирик саноат корхонаси ўзи ва туташ ҳудудларида вазирлик билан келишилган лойиҳа асосида 3 йил давомида “яшил белбоғ”лар барпо этиши лозим.

Экология вазирлиги билан келишув асосида бажарилиши керак бўлган бу фармон талаблари фақат атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналарига тегишли.

Kun.uz бу фармон талабларининг ижроси юзасидан вазирликка мурожаат қилиб, I ва II тоифага кирувчи корхоналар сони ва “яшил белбоғ”ни барпо этиш бўйича ишлар юзасидан маълумот сўради.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи йирик саноат корхоналари жами 2420 тани ташкил қилади.

Шулардан 123 таси Қорақалпоғистон Республикасида, 109 таси Андижонда, 151 таси Бухорода, 174 таси Жиззахда, 62 таси Қашқадарёда, 113 таси Навоийда, 148 таси Наманганда, 244 таси Самарқандда, 125 таси Сурхондарёда, 34 таси Сирдарёда, 530 таси Тошкент вилоятида, 170 таси Фарғонада, 113 таси Хоразмда, 324 таси Тошкент шаҳрида жойлашган.

“2023-йил кузида жами 864 та корхонада “яшил белбоғ”лар барпо этилиши режалаштирилган”, дейилади вазирлик Kun.uz'га тақдим қилган маълумотда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидаги 60 та корхонада (булардан 1 таси энергетика саноати, 1 таси кимё саноати, 22 таси қурилиш материаллари, 36 таси бошқа турдаги корхоналар), жами 95,3 гектар майдонда 45 мингдан ортиқ кўчатлар экилади.

Андижон вилоятида 47 та корхонада (1 таси энергетика саноати, 12 таси қурилиш материаллари, 8 таси металлургия саноати, 26 таси бошқа турдаги корхоналар) 20,5 гектар ҳудудда 10 мингдан ортиқ кўчатлар экилади.

Бухоро вилоятида 68 та корхонада (13 таси энергетика саноати, 35 таси қурилиш материаллари, 20 таси бошқа турдаги) жами 25,5 гектар майдонда 79 мингдан ортиқ кўчатлар экилади.

Расмий баёнотда қолган 11 та ҳудудда корхоналар кесимида барпо этиладиган яшил ҳудудлар бўйича маълумот берилмаган, балки вилоят бўйича умумий рақамлар билан чекланилган.

Хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига кўра, 2023 йилда:

  • Қашқадарёда 214 гектар майдонда 100 мингга яқин кўчатлар;
  • Навоийда 204 гектардан ортиқ майдонда 186 мингдан ортиқ кўчатлар;
  • Самарқандда 195 гектар майдонда 120 мингдан ортиқ кўчатлар;
  • Жиззахда 46,9 гектар майдонда 23 мингдан ортиқ кўчатлар;
  • Наманганда 28,3 гектар майдонда 14 мингдан ортиқ кўчатлар;
  • Сурхондарёда 22,5 гектар майдонда 11 мингдан ортиқ кўчатлар;
  • Сирдарёда 27 гектар майдонда 35 мингдан ортиқ кўчатлар;
  • Тошкент вилоятида 973 гектар майдонда 1081 тадан ортиқ кўчатлар;
  • Фарғона вилоятида 48,1 гектар майдонда 24 мингдан ортиқ кўчатлар;
  • Хоразм вилоятида 125 гектар майдонда 62 мингдан ортиқ кўчатлар;
  • Тошкент шаҳрида 86 гектардан ортиқ ҳудудда 41 мингдан ортиқ кўчатлар экилиши режалаштирилган.
Кўпроқ янгиликлар