Малайзия ўзбекистонлик ёшларга таълим грантлари ажратади

Ўзбекистон 08:18 / 19.09.2023 2532

Жорий йил 11-16 сентябр кунлари Малайзия олий таълим вазири маслаҳатчиси Моршиди Сират бошчилигидаги соҳа вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга амалий сафари уюштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Унинг доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Малайзия: олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари” мавзусига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди.

Давра суҳбати шаклида олий таълим соҳасидаги ўзаро муносабатларни янада жадаллаштириш масалалари муҳокама этилар экан, икки мамлакатнинг етакчи университетлари ўртасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни ўртоқлашиш, устувор йўналишлар бўйича талабалар алмашувини амалга ошириш бўйича ҳамкорликнинг истиқболлари белгилаб олинди.

Ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон ва Малайзиянинг 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар ташкил қилинди, томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Сафар доирасида делегациянинг Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида музокаралари ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистон олий ўқув юртлари вакилларининг Малайзияга сафарини амалга ошириш ва иқтидорли ёшларнинг Малайзияда таҳсил олиши учун таълим грантлари ажратилиши юзасидан келишувларга эришилди.

Кўпроқ янгиликлар