Ливияда Ўрта Ер денгизи шарқидаги Дерна шаҳрида ҳалокатли сув тошқини қурбонлари сони 11 300 дан ошди, яна ўн мингдан ортиқ киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ҲММБ) 16 сентябр куни Ливия Қизил Ярим ой жамияти маълумотларига таяниб хабар берди.
БМТ жадал қутқарув ишлари давом этар экан, қурбонлар сони янада ортишидан хавотирда.
Ўтган ҳафта «Даниэл» тўфони Ливиянинг шарқий қисмида ҳалокатли вайронагарчиликларга сабаб бўлди. 100 минг аҳолига эга Дерна шаҳрига айниқса оғир зарар етди, у ерда иккита дарё тўғони бузилди. Дерна ташқарисида БМТ ходимлари яна 170 та жасадни топди.
Сув одамларни денгизга оқизиб кетган
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) табиий офат зонасида ҳалок бўлганларнинг 3958 жасади топилгани ва шахси аниқлангани, яна тўққиз мингга яқин киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилгани ҳақида хабар берган эди. Минтақа соғлиқни сақлаш идоралари 16 сентябр куни кечқурун 3252 киши вафот этгани ҳақида маълумот тарқатди.
Сув тошқинлари кўплаб одамларни Ўрта Ер денгизига оқизиб кетган. Ливия қутқарув гуруҳларидан бирининг айтишича, Дернадан 20 километр шарқда, денгизда 600 га яқин жасад топилган.
ҲММБ хабарида таъкидланишича, Дернадаги ҳуманитар вазият «айниқса оғир»лигича қолмоқда. Шаҳарда ичимлик суви билан жиддий муаммолар бор, камида 55 нафар бола ифлос сувдан заҳарланиб вафот этган. Яна бир таҳдид - Дерна атрофидаги ҳудудда пиёдаларга қарши миналар, улар сув оқимлари оқибатида тупроқдан ювилиб, атрофга тарқалиб кетган.