Маълум бўлишича, 2022 йил 16 июнда “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинади. Унга кўра, туман-шаҳар шифохоналарининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги ўринлар сони педиатрия, терапия ва хирургия бўлимлари таркибига ўтказилган. Шу вақтгача шошилинч тиббий ёрдам таркибига кирган реанимация бўлимлари ҳам тўғридан тўғри бошқа бўлимларга қўшилган. Қўпол қилиб айтганда, реанимация бўлимлари иккинчи гуруҳга туширилган ҳолда жорий йил бошидан уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаб бошланган. Шифокорнинг ойлиги кўтарилиши ўрнига камайган.
Пайариқ туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамширалари Президент қарорида бизнинг тоифамиз туширилган, бироқ Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 21 февралдаги буйруғига асосан бизнинг даражамиз сақлаб қолинган дейишмоқда.
Шифохонанинг реанимация бўлими ҳамшираси Ирода Абишевага кўра, тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги президент қарори қабул қилингунга қадар тўрт миллион сўмдан ортиқ ойлик олиб келган. Ҳозирги вақтда реанимация бўлимлари ходимлари 2-гуруҳга туширилиб, маош қарийб бир миллион сўмгача камайган.
“Бироқ бизнинг иш тартибимиз ўзгаргани йўқ. Энг оғир бўлимда ишлаймиз, жиддий касалликларни юқтириб олиш эҳтимолимиз юқори. Бу вазият инобатга олиниб, президент қароридан сўнг соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи чиқди. Унга кўра биз, реанимация бўлими ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ўзгармаслиги керак. Бироқ ушбу буйруқ ижроси таъминланмаяпти”, – деди Абишева.
Шоира Эшбекованинг айтишича, Соғлиқни сақлаш, Адлия вазирликларига ва бошқа юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилинган.
Мурожаатчиларга туман адлия бўлими томонидан 2023 йил 15 май куни жавоб хати келган. Унга кўра, Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасига 25 апрел куни “Қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида” тақдимнома киритилган. Бироқ тақдимнома билан ҳам вазият ўзгармаган.
Мурожаатдан хабар топган Пайариқ туман молия бўлими масъул ходими Жаҳонгир Ниятов бизга вазият бўйича юқори турувчи идораларга хабар берилганини маълум қилди. У бизга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига чиқарилган хатни тақдим қилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 21 февралдаги 36-сонли буйруғи Адлия ва Молия вазирликлари билан келишилмаган ҳамда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтмагани айтилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги туман тиббиёт марказларида иш юкламалари қайта кўриб чиқилиб, таклифлар, таҳлилий материаллар ва бошқа зарур маълумотлар билан тақдим қилинса, ўрнатилган тартибда кўриб чиқишга тайёр эканини маълум қилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2023 йил 25 апрелдаги хатидан англаш мумкинки, Соғлиқни сақлаш вазирининг 36-сонли буйруғи сабаб барча ҳудудлардаги тиббиёт бирлашмалари томонидан эътирозлар кўпайган. Тиббиётчилар вазиримизнинг буйруғи бор дейишса, молиячилар президент қарори бор, дейишмоқда. Гарчи президент қарори билан шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари таркибида бўлган реанимация бўлимлари 2-тоифага туширилган бўлса-да, амалда уларнинг иши анча оғирлиги сир эмас. Буни бевосита реанимация бўлимларига алоқаси бўлмаган тажрибали шифокорлар, бирлашма раҳбарлари ҳам тасдиқлашмоқда.
Хулоса қилиш мумкинки, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу борадаги таклифларни кўриб чиқишга тайёр экан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ўз позициясини ҳимоя қилиб, қуйи тизимлардаги ходимлари манфаатдорлиги учун тезроқ ҳаракат қилиши лозим бўлади.
Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.