Индонезия мудофаа вазири Прабово Субианто Сингапурда бўлиб ўтаётган «Шангри-Ла мулоқоти» хавфсизлик конференциясида Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича ўз режасини таклиф қилди, деб ёзади ТАСС.
Бошқа нарсалар қаторида, Субиантонинг режаси қуйидагиларни назарда тутади:
- ҳар икки томондан зудлик билан ўт очишни тўхтатиш;
- демилитаризация зонасини яратиш - ҳар бир томон ҳозирги позицияларидан 15 километр узоқликда чекиниши керак;
- ушбу зонада халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш;
- БМТ воситачилигида «баҳсли ҳудудлар»да референдумлар ўтказиш (Субианто бу қайси ҳудудлар эканлигига аниқлик киритмади).
Вазирнинг сўзларига кўра, таклиф этилаётган чора-тадбирлар «тарихда ўз самарасини кўрсатган», жумладан, Корея яриморолида ҳам. «Ҳа, Кореядаги можаро ҳали ҳам доимий ечимга муҳтож. Бироқ, 50 йил давомида бизда ҳеч бўлмаганда бироз тинчлик бор, бу оммавий вайронагарчилик ва бегуноҳ одамларни ўлдиришдан кўра яхшироқдир», дея қўшимча қилди у.
Май ойида Politico Қўшма Штатлар Россия-Украина урушини Корея яриморолидаги можаро каби йиллар ёки эҳтимол ўнлаб йиллар давомида сақланиб қоладиган музлатилган можарога айлантириш имкониятини истисно этмаётгани тўғрисида ёзган эди. Ўз навбатида, Москва ва Киев можарони музлатишга қарши чиқди.
Ўша ойда Украина президенти Володимир Зеленский Киев тинчлик музокараларига қарши эмаслигини, бироқ ҳеч қандай ҳудудий ён босишга тайёр эмаслигини айтди.