Туркиянинг қайта сайланган президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 5 миллион 390 минг турк лираси (259 минг доллар ёки қарийб 3 миллиард сўм) қарзи бор. Бу ҳақда ҳукумат ахборотномаси Resmi Gasete томонидан эълон қилинган ҳужжатда (.pdf) келтирилган.
Декларацияга кўра, ҳозирги кунда Туркия раҳбарининг ҳисоб рақамида 1,8 миллион лирадан (86 минг доллар ёки 980 миллион сўм) ортиқ маблағ бор.
Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 5 миллион лира миқдоридаги кредитори сифатида Мустафо Эрдўған кўрсатилган. Ҳужжатда унинг кимлигига аниқлик киритилмаган. Туркиянинг Diken нашри Мустафо Эрдўған президентнинг укаси эканини таъкидлайди.
Декларацияга кўра, Ражаб Тоййиб Эрдўған оиласи Истанбулнинг Осиё қисмидаги Ускудор туманида 7 миллион 695 минг турк лираси (382,9 минг доллар ёки 4,3 миллиард сўм) қийматидаги уй ва Ризе вилоятидаги Думонқоя қишлоғида 2 минг кв.м. ер участкасига эга (у 10 минг лира, 480 доллар ёки қарийб 5,5 млн сўмга баҳоланган).
Декларацияга кўра, Эрдўғаннинг шахсий автомобили йўқ. У Туркиянинг учта банкида ҳисоб рақамига эга ва маблағларини фақат лирада сақламоқда.