Анжуман ишида Университетнинг халқаро ҳамкорлари, жумладан, Рузвельт ва Индиана университетлари, АҚШ элчихонаси Америка кенгаши, Сулаймония – Ироқ Америка университети, Тошкент Кимё халқаро университетининг Корейс тили маркази, Жанубий Кореянинг Сунчонь, Ханьянг, Гачон, Ханкёнг университетлари, Багамадаги Халқаро банклар ва траст компаниялар Ассоциацияси, Туркиянинг Нежмиддин Эрбакан ва Бингёл университетлари, Малайзиянинг Мара технологик университети, Болгариянинг Варна Менежмент университети, шунингдек, Наманган вилояти ва Наманган шаҳри ҳокимликлари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, бошқа халқаро ва маҳаллий олий ўқув юртлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоатчилик ташкилотлари ва Ўзбекистондаги хорижий мамлакатлар дипломатик миссиялари вакиллари фаол иштирок этди.
Анжуман иштирокчилари ҳудудларнинг комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишини бошқариш муаммолари, инновацион тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, минтақа иқтисодиёти рақобатбардошлиги ва инвестиция фаоллигини ошириш йўналишлари, ҳудудларнинг молиявий мустақиллигига эришиш ва банк-молия соҳасини ривожлантириш каби масалаларида чиқиш қилдилар.
Марказий Осиёда миграция, ундаги муаммолар, мамлакатлар орасидаги тафовутлар ва ечимлар мавзусида олиб борган тадқиқотлари билан Индиана университети профессори Марианна Камп (АҚШ) чиқиш қилди. Профессор ҳамкасблари томонидан ташкилланган анжуманда қатнашишдан ва бу каби ижтимоий-иқтисодий жараёнларга илмий нуқтайи назар билан қаралаётганидан, халқаро тажрибалар таҳлил қилинаётганидан хурсандлигини билдирди.
Анжуман давомида иштирокчилар соҳалар кесимида шуъбаларга бўлинган ҳолда муаммоларни таҳлил қилиш, халқаро тажрибани ўрганиш ва ечимларни топиш бўйича ўз таклифларини бердилар.