2022 йилда Россиядан Финландияга миграция СССР парчаланганидан бери рекорд кўрсаткичга етди, деб хабар берди Финландия статистикаси 24 май, чоршанба куни.
2022 йилда Россиядан Финландияга 6003 киши кетган, бу 30 йилдан ортиқ вақт ичидаги рекорд кўрсаткичдир. Россиядан кўчиб кетганларнинг қарийб 94 фоизи Россия фуқаролигига эга эди. Ўтган ҳафта Финландия Иммиграция хизмати мобилизациядан қочмоқчи бўлган 1109 Россия фуқароси Финландиядан бошпана сўраганини маълум қилди.
Бошқарманинг катта статистик мутахассиси Юхан Нордбергнинг сўзларига кўра, ўтган йили Россиядан Финландияга иммиграциянинг асосий тўлқини май ва декабр ойларида содир бўлган ва бу Россиянинг Украинага бостириб кириши билан бевосита боғлиқ.
Идора маълумотларига кўра, 1990 йилда Совет Иттифоқидан Финландияга 1958 киши кўчиб кетган бўлса, 1991 йилда СССР парчаланганидан кейин уларнинг сони 5515 кишига етган. Кейинги бир неча йил ичида, 1992 йилдан 1995 йилгача Россиядан ҳар йили тахминан 1700-2600 киши Финландияга кўчиб ўтди. 2021 йилда бу кўрсаткич 3100 кишидан паст даражада бўлди, деб хабар берди бошқарма.