Мақсадимиз халққа яқин бўлиш – Халқ банки фаолияти ҳақида

Жамият 16:02 / 25.05.2023 9872

Банк операцияларини ва ижтимоий хизматларни масофадан кўрсатиш, бир сўз билан айтганда банк хизматларини рақамлаштириш мақсадида “xazna” мобил иловаси ва унинг веб дастури ишга туширилди.

 

“Кўпчилик жамғарилиб бориладиган пенсия тизими бўйича йиғилган маблағлар ҳақида маълумот олиш учун банкка мурожаат қилишади. Бунга ортиқча вақт сарфламасдан  “xazna” иловасидан кўрса бўлади. Фақат бу эмас яна кўплаб маълумотларни онлайн тарзда олиш мумкин. Бу иловани янада такомиллаштириш устида ишлаяпмиз.

Иловани оммалаштириш мақсадида турли акциялар ўтказяпмиз. Масалан, бир ойда 5 млн сўмгача бўлган пул ўтказмалари ҳар қандай картадан фоизсиз амалга оширилади.

Онлайн хизматларни кўпайтириш билан икки баробар кўп аҳолига хизмат кўрсатиляпти. Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, халқимиз ҳам бу хизматлардан фойдаланишни яхши ўзлаштиришса ҳам ўзларига, ҳам банкимизга қулай бўлар эди”, - деди Халқ банки бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов.

Халқ банки маълум қилишича, ушбу илова фойдаланувчилари бугун 88 мингдан ошган. Илова орқали 457,5 мингта транзакциялар амалга оширилган. Мазкур илова орқали 40 дан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин. Банк аҳоли учун масофадан туриб амалга ошириладиган хизматлар сонини ва сифатини кенгайтиришни асосий вазифа деб билади.

Бугун Халқ банки филиалларига бормасдан туриб ҳам барча коммунал тўловларни тўлаш, халқаро пул ўтказмаларини юбориш мумкин. Банкнинг ривожлантириш стратегияси Осиё Тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Стратегия доирасида 2025 йилга қадар кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Аҳолига қулайлик яратиш учун хориждан 1800 та банкоматлар олиб келиниб, турли ҳудудларда ўрнатилган. Айни пайтда республика бўйлаб банкнинг банкоматлари сони 3111 тага етган. Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб Халқ банки томонидан Humo ва Uzcard банкоматларини интеграциялаш йўлга қўйилди. Энди молия муассасасига қарашли банкоматлар қайси тўлов тизимига тегишли бўлишидан қатъи назар Humo ва Uzcard карталаридан нақд пул ечиш мумкин. Ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи Автоматлаштирилган депозит машиналар (АДМ) сони 52 тага етди.

Таъкидланишича, Халқ банки хизмат кўрсатиш жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда кассадаги нақд пул маблағларини самарали ва марказлашган ҳолда бошқаришни йўлга қўймоқда. Шу мақсадда Тошкент шаҳрида Ягона касса маркази ташкил этилди.

Амалга ошириладиган йирик лойиҳалардан бири  филиалларни оптималлаштиришдир. Банк ва касса хизматларини марказлаштириш ҳисобига тез ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида босқичма-босқич “Ягона МФО” тизимига ўтиш ишлари бошланган.

Реклама

Кўпроқ янгиликлар