Наманган шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда Партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари, қонунчилик соҳаси мутахассислари иштирок этишди.
Йиғилашда Ўзбекистон Халқ демократик партияси раҳбари Улуғбек Иноятов янгиланаётган Конституция мамлакатимизда ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик сари ташланаётган дадил қадамлар учун мустаҳкам асос вазифасини ўташи, Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилангани жамиятимизда кечаётган жараёнлар билан чамбарчас боғлиқлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони оширилгани ва бу фуқароларнинг давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаб, янада фаровон ҳаёт кечиришга хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.
Жумладан, янгиланаётган Конституциянинг 44-моддасида мажбурий меҳнат, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши белгилаб қўйиляпти. Ушбу муҳим ўзгариш айнан мажбурий меҳнат, хусусан, болалар мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам берилишини кўзда тутади. Мажбурий меҳнатнинг Конституция даражасида тақиқланиши халқимизнинг илмий, маънавий салоҳияти ошишига, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланишига, ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилади.
47-модда билан илк бор ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Шунингдек, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги қайд этилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида, шунингдек, таълим масаласига ҳам алоҳида устуворлик берилган бўлиб, 50-моддада ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланмоқда. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлаб, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълимни ўз назоратига олмоқда.
Халқ демократик партияси ахборот хизмати