Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдум тарғиботига бағишланган навбатдаги эвент-тадбири Ғиждувон туман ҳокимлигининг очиқ майдонида ташкил қилинди.
Тарғибот-ташвиқот тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов, парламет қуйи палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган партия етакчиси Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсад сари қўйилган қадамлар албатта Асосий қонунни янгилаш зарурлигини тақозо этгани ва янги таҳрирдаги ҳужжатда Ўзбекистон ижтимоий давлат, деган ғоя асосий мезон қилиб олинганини, Конституцияни қайта ишлаб чиқишда бевосита халқнинг таклиф, хоҳиш-истаклари эътиборга олингани, ҳужжат референдумга қўйиш орқали қабул қилинишини айтиб ўтди.
Янгиланаётган Бош қомусимизда миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Банк омонатлари, балки банк операциялари ва ҳисоб варақларнинг ҳам сир тутилиши кафолатланмоқда. Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги мустаҳкамланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Аслонованинг фикрича, янгиланаётган Конституцияга мувофиқ давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Мазкур норма инвесторларнинг ишончини ошириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади.
– Тадбиркорликни бошлаганимга анча йиллар бўлди, – дейди тадбиркор, туман кенгаши депутати Замира Сафарова. – Бор-йўғи 2-3 киши билан фаолиятимни бошлаган бўлсам, бугунги кунда 45 нафар ишчи-ходимим билан “Ғиждувон машҳураси” хусусий корхонасига раҳбарлик қиляпман. Асосан қурилиш-пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик субъектимиз фаолияти натижасида дунёдаги бир қатор – Туркия, Қирғизистон, Исроил, Нидерландия сингари давлатларга экспорт маҳсулотларини юборяпмиз. Эришаётган ютуқларимизнинг барчаси юртимизда соҳа ходимлари учун яратиб берилган имкониятлар шарофатидандир. Мен оила аъзоларим ва меҳнат жамоам билан бирга референдумда иштирок этаман. Ватанимиз равнақи, элимиз тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги кафолати бўлган янги Конституцияни ёқлаб овоз беришга барчани чақириб қоламан.
Тадбирда Бухоро туманидаги “Маданият Муҳаммад Исмат” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Муҳаммад Аҳмедов ҳам сўзга чиқиб, ўзини тўла оқлаётган кластер тизими юртимиз аграр соҳасида ҳам пировард натижа бераётганини, бу айниқса пахта тўқимачилик кластерлари фаолиятида аниқ кўзга ташланаётганлигини айтиб ўтди.
O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши
Матбуот хизмати