Украина россияликлар иштирокидаги мусобақаларни бойкот қилади

Спорт 08:30 / 31.03.2023 23635

Украина спортчиларига Россия ёки Беларус спортчиларига рухсат бериладиган мусобақаларда қатнашиш тақиқланади. Тегишли қарор Украина Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинди, деб хабар берди Вазирлар Маҳкамаси аъзоси Олег Немчинов 30 март, пайшанба куни кечқурун умуммиллий телемарафон эфирида.

Унга кўра, ушбу протокол қарорини Украина ёшлар ва спорт вазири, Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) президенти Вадим Гутцайт таклиф қилган. Бу барча мусобақаларга, жумладан, 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинларига саралаш турнирларига ҳам тегишли. Немчиновнинг қўшимча қилишича, Украина федерациялари вакилларининг россияликлар ва беларуслар иштирок этадиган мусобақаларда қатнашиши федерацияларни миллий мақомдан маҳрум қилиши мумкин.

Киевдаги ҳукумат қарори Халқаро олимпия қўмитасининг (ХОҚ) Россия ва Беларус спортчиларининг мусобақаларда иштирок этиши ҳақидаги тавсияларига жавоб бўлди.

28 март куни, тўрт ойлик маслаҳатлашувлардан сўнг ХОҚ Ижроия қўмитаси Париж-2024 Олимпиадаси ҳақидаги қарорни кейинга қолдириб, халқаро федерацияларга урушни нейтрал спортчилар сифатида қўллаб-қувватламаган россиялик ва беларуслик спортчиларга мусобақада қатнашишга рухсат беришни тавсия қилди.

Аммо Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси (World Athletics, WA) Халқаро олимпия қўмитаси Ижроия қўмитаси тавсиясига қарамай, Россия ва Беларус спортчиларининг мусобақага киришига йўл қўймаслик позициясига амал қилади

«WA позицияси ўзгармади», дея маълум қилди ассоциация. «ХОҚ таъкидлаганидек, мусобақаларда иштирок этишга рухсат бериш тўғрисидаги қарор халқаро федерациялар ваколатига киради», — дейилади хабарда. 

Европа енгил атлетика ассоциацияси (EAA) бу спортчиларни четлаштириш қилиш тарафдори бўлиб турибди. Германия енгил атлетика ассоциацияси (DLV) ҳам худди шундай йўналишга амал қилади. 

«Халқаро олимпия қўмитасининг россиялик ва беларуслик спортчиларнинг халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиши бўйича тавсияларидан кейин ҳам биз аввалги позицияда қоламиз», — деди DLV бошқаруви раиси Идрисс Гоншчинска. 

Кўпроқ янгиликлар