Адлия вазири Акбар Тошқулов 28 март куни журналистлар билан учрашиб, ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликнинг 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Очиқ мулоқот давомида вазир ОАВ ва жамоатчилик вакилларини қизиқтирган кўплаб саволларга ҳам жавоб берди.
Тадбирда қатнашган журналист Мусулмонбек Иброҳимов Қашқадарёда 500 минг сўм пора олган шифокор 5 йилга қамалгани, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган Асака туманининг собиқ ҳокими Мансур Алихоновга нисбатан 3 йил-у 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани, зарар миқдори каттароқ жиноят учун енгил жазо тайинланиши жамоатчиликда қонун устуворлигига нисбатан саволларни келтириб чиқараётганини таъкидлаб, вазирнинг бу борадаги фикри билан қизиқди.
“Битта нарсани билиш керак, жинояларнинг квалификацияси бўйича ҳар бир жиноятга нисбатан белгиланган санкциялар бор. Суд санкциялар доирасида ишлайди.
Пора миқдори кичкина бўлса ҳам, бизда порахўрлик жинояти санкция жиҳатидан юқорироқ. Буни тўғри тушуниш керак. Масалан, Жиноят кодексидаги 167-моддага (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) нисбатан 210-модда (Пора олиш) учун кўзда тутилган жазо юқорироқ. Пора миқдори минг сўм бўладими, юз минг сўм бўладими, беш юз минг сўм бўладими, бир миллион сўм бўладими [бунинг аҳамияти йўқ].
Тасаввур қилинг, битта шифокор 100 минг сўм пора олиб келмасанг операция қилмайман, деяпти. Бунинг оқибати ҳам юқори, шунинг учун қонунларда шундай юқорироқ жазо қўйилган. Жамиятга таъсири жуда катта. Шу нуқтаи назардан ҳар битта моддани тўғри тушуниш керак”, деб айтган Акбар Тошқулов.
Фикрлари ижтимоий тармоқларда резонансга сабаб бўлиши ортидан адлия вазири Facebook’даги саҳифасида аслида нимани назарда тутганига аниқлик киритган.
“28 мартдаги матбуот анжуманида Daryo.uz нашри журналистининг жиноий жазоларни қўллашда қонунчилик ва суд амалиёти бўйича саволига берган жавобим айрим интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинибди. Аслида журналист саволида аниқ шахсларга нисбатан қўлланган жазони мисол келтирган бўлса-да, бу масалага мен эмас суд баҳо беришини айтиб, мендан қонунчиликда жуда кўп миқдорда растрата ва талон-торож ҳамда бошқа мансабдорлик жиноятларига нисбатан 500 минг сўм пора олиш жиноятига оғирроқ жазо белгиланганлигига муносабат сўраган. Мен жавобимда аниқ суд ҳукмига эмас, балки жиноят қонунчилигидаги жазони белгилашга асос бўлган мезонларга тўхталганман.
Хусусан, тамагирлик йўли билан пора олиш учун (пора суммасидан қатьи назар) жазонинг нисбатан юқорироқлигини, ушбу жиноятининг жамият учун ижтимоий хавфлилик даражасини ва оқибатларини мисол орқали тушунтириб берганман.
Чунки журналист келтирган 1-жиноят тури, яьни жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш учун (Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисми) БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 3 йилгача аҳлоқ тузатиш иши ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бунда, етказилган зарар қопланганда озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш қўлланмаслиги белгиланган. 2-жиноят тури, яьни тамагирлик йўли билан пора олиш (ЖК 210 м.2 қ.) учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган”, деб ёзади Акбар Тошқулов.
Аввалроқ адлия вазири Ўзбекистонда сиёсий партияни рўйхатга олишда талаб этиладиган 20 мингта овоз, прокуратура ва қамоқхоналар Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши, бўлажак сайловларда электрон овоз бериш имконияти жорий этилиши бўйича ҳам изоҳ берганди.