Татаристон прокуратураси суддан 2021 йил май ойида Қозон гимназияларидан бирида 9 киши ҳалок бўлган отишмада айбланаётган Илназ Галявиевни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўради. Бу ҳақда 29 март, чоршанба куни Россия Бош прокуратураси маълум қилди.
Идора хабарида айтилишича, томонларнинг Татаристон Республикаси Олий судидаги мажлиси чоғида вилоят прокурори Илдус Нафиков судга Галявиевни биринчи 5 йилни қамоқда ўтказиш, сўнгра махсус режимли ахлоқ тузатиш колониясида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишни таклиф этган.
2021 йил 11 май куни коллеж ўқувчиси Галявиев қонуний равишда сотиб олинган милтиқ ва қўлбола портловчи мослама билан қуролланиб, ўзи бир пайтлар ўқиган мактабга бостириб кириб, тартибсиз ўқ узган. Ҳужум оқибатида тўққиз киши (шу жумладан етти бола) ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти саккизинчи синф ўқувчилари эди. Яна 23 киши жароҳатланган. Ишда жабрланувчи сифатида 600 дан ортиқ киши қатнашяпти.
Отишма содир этган шахсга мия касаллиги ташхиси қўйилган. У ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қурбонларнинг яқинларидан кечирим сўради. Комплекс психологик-психиатрик экспертиза хулосасига кўра, айбланувчи ақли расо деб топилди, у жиноий жавобгарликка тортилади.
2021 йил декабрида Галявиевга Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича якуний айблов эълон қилинди: икки ёки ундан ортиқ шахсни, шу жумладан вояга етмаганларни умумий хавфли йўл билан ўлдириш ва ўлдиришга суиқасд қилиш; портловчи моддалар ва портловчи қурилмаларни ишлаб чиқариш ва сақлаш; шунингдек, ўзганинг мулкини қасддан йўқ қилиш ва шикастлаш.