Шавкат Мирзиёев қорақалпоғистонликлар билан бўлиб ўтган йиғилишда республика маҳаллаларини обод қилиш, сув, йўл, электр таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча ва тиббиёт пунктларини қуриш ва таъмирлаш бўйича аниқ рақамларга тўхталди. Президент аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган янги уч ташаббусни санади, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Йиғилишда таъкидланишича, Қорақалпоғистонда ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун 2023 йилда 1,5 триллион сўм бериляпти. Бундан ташқари 452 та маҳалладаги шароити оғир 21 мингта хонадон таъмирланади, 709 та уйлар янгитдан қуриб берилади. Бунга бюджетдан 132 миллиард сўм, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 232 миллиард сўм ажратилади.
Янги уч ташаббус
1. Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм ажратилади.
“Муаммони маҳалланинг ўзи кўтарсин, ўзига пул берайлик, ўзи назорат қилсин. Шунда сифат ва манфаат бўлади. Одамлар рози бўлади. Наврўз байрами ва “Маҳалла куни” арафасида маҳалла раислари, имомларни рағбатлантирдик. Қорақалпоғистонда азал-азалдан ўзига хос тизим – “кўча-бий”лар бор. Одамларимизнинг ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшаётган бундай жонкуяр инсонлар меҳнатини ҳам муносиб рағбатлантириш керак, деб ўйлайман”, деди Шавкат Мирзиёев.
2. Қорақалпоғистонда 47 минг уй-жой ва кўчмас мулкларнинг кадастри йўқ. Бу аҳолини ипотека олиш, томорқасида деҳқончиликка кредит, субсидия олиш, яшаётган бошпанасини фарзандларига мерос қолдириш имкониятини чеклаяпти. Шу сабабли икки ойда 38 минг қорақалпоғистонликларнинг уй-жой кадастри тўлиқ қилиб берилади.
3. Қорақалпоғистонда ҳар йили 6,5-7 мингта уй-жойга талаб бор. Шу боис 2023 йил ўтган йилга нисбатан 2 баравар кўп ёки 4 мингта уй-жой қурилади.
“Бунга қўшимча қилиб, фақат Қорақалпоғистон аҳолиси учун янги имконият яратамиз. Яъни, замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади. Инфратузилмасини ҳам қилиб берамиз. Бундай имкониятни бошқа ҳудудларимизга бермаганмиз”, деди Шавкат Мирзиёев.
Масъулларга шу йилнинг 1 майигача камида 2 мингта, 1 сентябргача яна 2 мингта ер участкасини жойини белгилаб, аҳолига ажратиш вазифаси юкланди.