Президент Нукус ёшлар технопаркига борди, театрда маданий тадбирда иштирок этди 

Ўзбекистон 21:46 / 30.03.2023 7851

Президент Шавкат Мирзиёев Нукус ёшлар технопаркини бориб кўрди.  

Бу мажмуа ёшларнинг иқтидор ва кўникмаларини шаклланитириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган. Хусусан, компьютер саводхонлиги, график дизайн, робототехника, 3D моделлаштириш, акселерация каби 9 та йўналишда йилига 1 минг 500 йигит-қиз таҳсил олиши мумкин. Бунинг учун замонавий техника, лаборатория ва устахона ускуналари ўрнатилган. 

Ҳозирги кунда ўқув курслари битирувчиларининг ғоялари стартап шаклига келтирилиб, “Бўлажак олим”, “Technoways”, “Start4 Region” каби танловларга 50 га яқин лойиҳа топширилган. Шунингдек, “Орол денгизининг қурғоқчил ҳудудида уруғчилик плантациясини ташкил этиш” мавзусида умумий қиймати 955 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу денгизнинг қуриган тубидаги ерлардан фойдаланиш, сувни тежаш ҳамда тузни камайтиришга хизмат қилади. 

Давлат раҳбарига ёш фермер ва олимларнинг қуритилган органик помидор, оқова сувларни тозалаш ва балиқларга озуқабоп ўсимлик лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Яшил технологияларга асосланган бу лойиҳалар Европа давлатларининг сертификатларига сазовор бўлган. 

Президент бу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, амалиётга кенгроқ жорий этиш кераклигини таъкидлади. 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида миллатлараро тотувликка бағишланган маданий тадбирда иштирок этди.  

Қарийб юз йиллик тарихга эга ушбу муассаса санъат ривожида, ёшлар тарбияси ва аҳолининг маданий ҳаётида муносиб ўринга эга. Охирги йилларда театр жорий таъмирланиб, асбоб-ускуналар янгиланди. 2017 йилда унга академик театр мақоми берилди. 

Давлат раҳбари бу ерда ёшуллилар, санъат соҳаси вакиллари билан бирга бадиий дастурни томоша қилди. Президент шу ерда қорақалпоғистонлик ижодкорлар, маданият соҳаси вакиллари билан мулоқот қилди. Бадиий дастурни юқори баҳолади.  

Давлат раҳбари миллий қадриятларни улуғловчи асарларни кўпроқ қўйиш, гастролларга чиқиб, ёшларни театрга қайтариш, маданиятини бойитиш муҳимлигини таъкидлади. 

Кўпроқ янгиликлар