Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси материаллари асосида Давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан ўтказилган текширув натижасида Мирзачўл тумани Халқ таълими бўлими фаолиятида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Хусусан, ўрнатилган тартиб-қоидаларга зид равишда ортиқча синфлар шакллантирилиши, таътил, иш ҳақи ва устама пуллари ортиқча тўланиши, қурилиш-таъмирлаш ишларида қўшиб ёзиш, умумий ўрта таълим мактабларидаги товар-моддий бойликларда камомадлар мавжудлиги ва бошқа ҳолатлар натижасида давлатга 1 млрд 593 млн сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳозирда Мирзачўл тумани халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.