Ўзбекистонда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган аҳолига ёғ, тухум ва гўшт харидидан ҚҚС қайтариш орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилиши айтиляпти.
Расмийлар ҳали бу механизмнинг қандай ишлаши ҳақидаги режаларни очиқламаган бўлса-да, ҚҚС қайтариш худди харид чекидан 1 фоиз кешбэк қайтарилиши каби йўсинда бўлиши ҳақида гап-сўзлар бор. Бунинг учун “Soliq” мобил иловасига алоҳида функция қўшилади.
Ижтимоий реестрга киритилган фуқаро гўшт, ёғ, тухум харид қилганда чекни илова орқали сканер қилади. Унда қанча имтиёзли ҚҚС суммаси бўлса, автоматик ҳисобланиб, унга маблағ қайтарилади.
Оддийроқ айтганда, ҚҚСни қайтариш механизми харид чекига боғлаб қўйиляпти.
Ҳукумат буни қанчалик яхши мақсадда қилаётган бўлмасин, камбағал қатламга кирадиган одамлар ҚҚСни қайтариб олишида муаммо туғилиши, натижада бу тизим ишламаслиги мумкин. Нега?
Биринчидан, харид чеки муаммоси. Маълумки, камбағал аҳоли асосан деҳқон бозорларидан (супермаркетлар эмас) озиқ-овқат харид қилади. Бозорларда эса ҳали харид учун деярли чек берилмайди. Қўлида чеки бўлмаган одам имтиёздан фойдалана олмаслиги турган гап.
Иккинчидан, алоқа ва коммуникация муаммоси. Фуқаро “шу имтиёздан фойдаланаман” деб хариди учун чек олди ҳам дейлик. Унинг қўлида “Soliq” мобил иловасига кириб, чекни сканерлаш учун етарли ресурс бўладими? Кам таъминланганлар рўйхатидаги одам (айтайлик, кўп болали бева аёл) смартфон ишлатадими? Интернетга кириш учун трафик сотиб оладими? Эҳтимоли жуда кам. Ижтимоий ҳимояга муҳтож кўплаб ўзбекистонликлар оддий (сенсорсиз, қониқарли камерасиз, тугмали) телефон ишлатади ёки шуни ҳам ишлатмайди.
Учинчидан, қайтариладиган маблағ жуда кам ва бу одамларни қизиқтира олмайди. Реeстрга киритилган одамда чек олиш ва смартфон билан боғлиқ муаммо йўқ дейлик. Унда ҚҚС имтиёзидан фойдаланиш учун ҳамма нарса бор деб тасаввур қилиб кўрайлик. Аммо камбағал одам бир ойда қанча ёғ, қанча гўшт ёки қанча тухум сотиб олади ва бундан олинадиган кешбек миқдори қанча бўлади?
Ҳозирча ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ойига қанча миқдорда гўшт, ёғ ёки тухум сотиб олиши ҳисобланмаган. Шу сабабли тахминий ҳисоб-китоб қилишга тўғри келади.
Агар камбағал оила (оптимистик ҳисобларга кўра) бир ойда 2 кг гўшт, 1 литр ёғ ва 30 дона тухум сотиб олса, тахминий ҚҚС миқдорини ҳисоблаш мумкин. Айни пайтда ҚҚС ставкаси – 12 фоиз.
- 2 кг мол гўшти – 160 минг сўм; шундан ҚҚС – 19200 сўм;
- 3 литр ёғ – 54 минг сўм; шундан ҚҚС – 6480 сўм;
- 30 дона тухум – 39 минг сўм; шундан ҚҚС – 4680 сўм.
Юқоридаги тахминий ҳисоб-китобга кўра, учта маҳсулот учун ойига 253 минг сўм сарф қилиниб, 21 минг сўм ҚҚС қайтариб олиш мумкин.
Ҳисобга олиш керакки, камбағал оилалар биз ҳисоблагандек 2 кг эмас, ойига 1 кг ҳам гўшт сотиб олмайдиган ҳолатлар кўп. Камбағалликни белгилаш учун қўлланадиган амалдаги минимал истеъмол харажатлари миқдори 498 минг сўм эканини инобатга олганда (расмийларга кўра, шунинг 67 фоизи (334 минг) озиқ-овқатга сарфланади), камбағал аҳоли сотиб оладиган гўшт, тухум, ёғ миқдори бундан ҳам камроқ бўлиши мумкин. Боз устига, товуқ боқадиган оилаларда тухум рўйхатдан ўчирилади.
Шу ўринда айтиш керак, гўшт ва ёғ учун мутлақ барчага берилган ҚҚС имтиёзи 2023 йилдан бошлаб бекор қилингани – иқтисодий асосларга эга, чунки бунда имтиёз манзилли эмас. Ким кўпроқ гўшт еса, имтиёздан ҳам кўпроқ баҳраманд бўлади. Оддий айтганда, имтиёздан бойлар кўпроқ фойда кўради.
ҚҚС имтиёзини манзилли шаклга ўтказиш, уни фақат муҳтож аҳолига бериш – тўғри ва асосли, лекин агар ният холис бўлса, юқорида айтилган қийинчиликлардан келиб чиқиб, ҚҚСни қайтариш механизми харид чекига боғланмаслиги керак.
Фикримизча, механизм бошқачароқ бўлиши лозим. Агар камбағалларга ҚҚС қайтаришнинг оддий ва имконли механизми топилмаса, у ҳолда умуман имтиёзнинг ўзини ҚҚСга боғламаслик ҳам мумкин. Масалан, реестрдаги аҳолига тўғридан тўғри пул шаклида кўмак бериш тўғри бўлади.
Бу – ҳозирда тўланаётган нон хариди учун компенсацияга қўшилиб, тўртта (балки ундан ҳам кўпроқ) маҳсулот – нон, гўшт, ёғ, тухум хариди учун яхлитланган озиқ-овқат компенсацияси шаклида бўлиши – ҳам осон, ҳам самарали кўринади.
Мадина Очилова,
журналист