Адлия вазири Акбар Тошқулов 28 март куни журналистлар билан учрашиб, ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликнинг 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Очиқ мулоқот давомида вазир ОАВ ва жамоатчилик вакилларини қизиқтирган кўплаб саволларга ҳам жавоб берди.
Тадбирда қатнашган журналистлардан бири анъанавий сайлов тизимида бюллетенларни сохталаштириш ва бошқа қинғирликлар учраб туриши, шуларни инобатга олиб Ўзбекистонда яқин келажакда сайловларда электрон овоз бериш механизмига ўтилиши режалаштирилаётгани билан қизиқди.
“Сайлов кодекси қабул қилинди. Сайлов тизими йиллар давомида такомиллаштириб боради. Сайловда электрон овоз бериш имкониятини яратиш учун электрон база бўлиши керак. Аҳолининг электрон реестри шакллантирилиши, маълум бир инфратузилмалар шакллантирилиши керак. Жуда кўп давлатларда бу нарса йўқ ҳали. Ривожланиш даражаси биздан юқори бўлган давлатларда ҳам онлайн сайлов йўлга қўйилгани йўқ, қоғоз бюллетенларда овоз бериб келинади”, дея Акбар Тошқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазир сайловда электрон овоз бериш имкониятини яратиш учун фуқароларнинг шахсий идентификация маълумотларини қамраб олган механизм ишлаб чиқилиши, ушбу маълумотлар ҳимояланган бўлиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, у айрим сайловчилар электрон овоз беришни хуш кўрмаслигига ҳам урғу беришга ҳаракат қилган.
“Электрон овоз бериш маълум бир тайёргарликни талаб қилади. Ўзбекистондаги 36 млн аҳолининг 18 миллионини сайловчи деб олсак, шунча одамнинг бармоқ изларидан тортиб ҳамма шахсий идентификация маълумотларини электрон қурилма орқали етказиб берадиган механизм қилиниши керак. Ушбу маълумотларни ҳимоялаш воситаси бўлиши керак.
Баъзи одамлар электрон тизимда овоз беришни хоҳламайди. Электрон тизим мукаммал деб ўйламаслик керак. У сиз кимга овоз берганингизни аниқ айтади. Баъзилар буни хоҳламайди. Шунинг учун сайловда анонимлик деган нарса бор. Шунинг учун электрон тизим идеал деган тушунча йўқ”, деб айтган адлия вазири.