АҚШ президенти Жо Байден бутун дунёда демократияни мустаҳкамлаш учун 690 миллион доллар (637 миллион евро) ажратишга ваъда берди. Бу маблағлар самарали ва шаффоф бошқарув, матбуот эркинлиги, коррупцияга қарши кураш, эркин сайловлар ва демократияни тарғиб қилувчи технологияларга йўналтирилиши керак, деди Америка етакчиси 29 март, чоршанба куни АҚШ томонидан ташкил этилган иккинчи халқаро «Демократия саммити»да.
Асосан видеоконференция орқали ўтаётган учрашув иштирокчиларига мурожаат қилиб, Байден демократияни мустаҳкамлаш «замонимизнинг энг муҳим муаммоси» эканлигини айтди. Шу билан бирга, у Россиянинг Украинага қарши уруши ва АҚШнинг Хитой билан муносабатларидаги кескинликка қарамай, ўтган йил давомида ижобий силжишларни қайд этди. «Бугун биз ғурур билан айтишимиз мумкинки, жаҳон демократиялари кучсиз эмас, кучайиб бормоқда. Дунёдаги автократиялар кучайиб эмас, заифлашиб боряпти. Бу барчамизнинг бевосита меҳнатимиз натижасидир», - деди Байден.
Германия канцлери Олаф Шольц бу йилги йиғилишда Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг, ичкаридан ва ташқаридан таҳдидларга қарши демократияларнинг чидамлилигини ошириш янада долзарб бўлиб қолганини айтди. «Россия раҳбарияти демократик қўшнисида хавфни кўрмоқда, чунки Украина муваффақиятли давлат бўлса, Путин ўз фуқароларига нима учун улар бир хил эркинлик ва фаровонликдан фойдалана олмаслигини тушунтириши керак бўлади», — деди Германия ҳукумати раҳбари.
Украина президенти Володимир Зеленский «Демократия саммити» иштирокчиларини Киевга қурол етказиб беришга чақирди. «Ёнғин содир бўлганда, ўт ўчирувчилар ўт ўчириш машиналари берилишини бир неча ой кута олмайди ёки ўт ўчириш мосламалари қисқа масофада ишлаши кераклигига рози бўла олмайди. Бу урушда ҳам шундай. Ўзини ҳимоя қилганларга қанча чекловлар қўйилса, йўқотиш ва вайронагарчиликлар шунча кўпаяди, чунки тажовуз алангаси чегара билмайди. Шунинг учун демократия ҳимояси тажовузкорнинг мағлубиятини ишончли кафолатлайдиган барча қуролларга эга бўлиши керак», — деди Зеленский ўз видеомурожаатида.