Еврокомиссия ёзгача Молдовага ёрдам пакетини тақдим этади

Жаҳон 09:23 / 29.03.2023 2560

Европа Иттифоқи давлатлари Еврокомиссиядан Молдовага ёзгача қўллаб-қувватлаш пакетини тақдим этишни сўради, деди 28 март, сешанба куни Кишинёвга расмий ташрифи чоғида ЕИ кенгаши раҳбари Шарл Мишел. У макромолиявий ёрдам пакети «катта ва салмоқли» бўлишини ваъда қилди.

Бундан ташқари, Мишел ЕИ Кенгаши 2023 йил охиригача Украина ва Молдова билан Европа Иттифоқига қўшилиш музокараларини бошлаш бўйича қарор қабул қилиши кераклигини айтди. «Бу Европа Комиссияси тайёрлайдиган ҳисоботни инобатга олган ҳолда сиёсий қарор бўлади ва йил охиригача ижобий қарор қабул қилинишига чин дилдан умид қиламан», — деди у. ЕИга кириш йўлидаги тараққиёт Молдова халқи учун «аниқ ва ижобий натижалар» беради, деб ишонтирди ЕИ Кенгаши президенти.

У, шунингдек, Европа Иттифоқининг Молдова халқи билан бирдамлигини таъкидлади ва 2022 йилда Брюссел Молдова барқарорлигини, айниқса энергетика соҳасида қўллаб-қувватлаш учун бир миллиард евродан ортиқ маблағни сафарбар қилганини эслатди. «Биз кўпроқ нарсани қилишга тайёрмиз», деб қўшимча қилди Мишел.

«Сиз борган сари кўпроқ душман рус разведкаси нишонига айланяпсиз. Сўнгги ойларда Россия ва унинг ишончли вакиллари энергия, киберҳужумлар, норозилик намойишлари ва бошқа қўпорувчилик ҳаракатлари ёрдамида мамлакатингизни беқарорлаштиришга кўпроқ уринмоқда. Биз мамлакатингизни беқарорлаштиришга қаратилган бу уринишларни кескин қоралаймиз», деди Евроиттифоқ Кенгаши раҳбари.

Кўпроқ янгиликлар