“Тадбиркорлардан ортиқча аванс тўловларини ундириш техник хатолик натижасида юзага келган” – Дилшод Султонов

Иқтисодиёт 14:35 / 29.03.2023 21472

29 март куни АОКАда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вазирликнинг 2022 йилдаги фаолияти таҳлили ва 2023 йилдаги устувор вазифалари бўйича маълумот берилди.

Анжуманда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов солиқчиларнинг фойда солиғидан авансни ноқонуний тарзда ҳисоблаб, тадбиркорлар ҳисобидан ортиқча маблағ ечиб олиш ҳолати юзасидан изоҳ берди.

“Аванс тўлаш тартиби бутун дунёда бор, чунки солиқ ҳисоботларини ҳар ой йиғиш тажрибасидан ҳамма воз кечган. Масалан, фойда солиғи бўйича ҳар чоракда бир марта, мол-мулк солиғи бўйича йилда бир марта бу нарсадан фойдаланилади. Ўтган кунги вазият бўйича вазирликда жиддий танқидий йиғилиш ўтказилди, бир неча киши ишдан кетди, яна бир неча кишининг унвони пасайтирилди. Мен айтаманки, бу нарса ўзи нотўғри қилинган. Сабаби, IT схемасида ишланганда бунга эътибор қаратилмаган. Мисол учун, фойда кўрмаган корхоналарга ҳам аванс тўловлари чиқиб кетган. Мен мазкур чоракда фойда кўрган бўлсам, кейинги чоракда ушбу фойдам ҳисобидан солиқ тўлайман. Шу нарсага эътибор қаратилмай, ҳаммага тўлов тўлаш мажбурияти юклаб чиқилган. Кеча ва бугун ортиқча ундирилган фойда солиғи тўловлари қайтарилди. Бу аслида техник хатолик натижасида юзага келган ҳолат, шундай бўлса-да, IT тизимида ҳам маъсул одамлар ишлайди ва улар эътиборсизлиги учун жазоланди.

Тўғри тадбиркорларнинг даромади ҳар чоракда ҳар хил бўлади. Хусусан, менинг тадбиркорлик фаолиятим мавсумий ишлар билан боғлиқ бўлса, ўзим чорак давомида қанча фойда кўришим ҳақидаги маълумотномани тақдим қилишим мумкин. Биз тадбиркорлардан ҳар ой фойда солиғи олсак бўлади, аммо бунинг нархи бизнес учун жуда қимматга айланади.

Иккинчи жиҳат, агар тадбиркорда иккинчи чоракда биринчисига қараганда камроқ фойда бўладиган бўлса, маълумотларни солиқ органига тақдим қилади ва шундан келиб чиқиб аванс тўловлари ҳисобланади. Аванс тўловларини ҳозирда 10 мингга яқин ташкилот амалга оширади”, деди Дилшод Султонов.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг шикоятлари тарқалганди. Унда 1-чоракдаги уч ойлик аванс миқдори бирданига ечиб олингани, бунда ечилган маблағ ўтган йилнинг 4-чорагидаги аванс миқдорида эмас, 4-чорак ҳисоботларида акс этган фойда миқдорига асосан ҳисоблаб чиқарилгани, бунинг устига йиллик даромади 5 млрд сўмга етмаган корхоналардан ҳам аванс ушлаб қолингани айтилганди. Ушбу кескин эътироз ортидан, 5 нафар мулозим, хусусан Солиқ қўмитасининг департамент бошлиғи ва пойтахтнинг бош солиқчиси жазога тортилди, ортиқча ундирилган пуллар зудлик билан тадбиркорларга қайтарилди.

Кўпроқ янгиликлар