“Тадбиркорлик субъектлари томонидан савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик маъмурий юрисдикцияга ўтказилаётганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Жиноят кодексининг 189-моддасида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бунда, товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда (базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари ва ундан ортиқ) бузиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазолар белгиланган.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида мазкур жиноятни биринчи марта содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.
Таклиф этилаётган лойиҳа билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш борасида улар томонидан товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузганлик учун жиноий жавобгарликни маъмурий юрисдикцияга ўтказиш белгиланмоқда.
Лойиҳада билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузганлик учун жавобгарлик киритилиб, амалдаги Жиноят кодексидан мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик декриминаллаштирилаётгани муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.