Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлишни эплай оладими?

Ўзбекистон 11:03 / 29.03.2023 7858

Ижтимоий давлат – бу энг аввало масъулият, чунки давлат, ҳукумат ўз халқини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида, конституцион мажбуриятлар олади.

Қолаверса, бу – мақом, чунки дунёнинг энг фаровон давлатлари, аслида, ижтимоий ҳимоя тизими анча кучли бўлган давлатлар ҳисобланади.

“Ижтимоий давлат” тушунчасининг асосида, фундаментида “тенглик” қадрияти ётади. Инсонлар, табиатан, бошқаларга қараганда камситилганроқ бўлишни исташмайди. Бошқалар томонидан эксплуатация қилинишни хоҳламайди.

Ўтган 20-аср – бу тенглик учун ҳар хил моделларнинг курашув асри бўлди. Инсонларни тенг қилиш учун, ҳайбатли ва тоталитар давлатлар пайдо бўлди. СССР ва унинг атрофидаги социалистик лагер, Хитой Халқ Республикаси, Шимолий Корея ва ҳ.к.лар, инсонларни тенг қилиш учун эркинликни бекор қилишди.

Иккинчи йирик ва анча муваффақиятли модел, бу ғарбий Европа ва бошқа қитъаларда кузатилди. Бунда, жамият эркин бўлади, давлат ҳуқуқий бўлади. Инсонлар ва ижтимоий қатламлар ўртасида мавжуд тафовутлар – репрессиялар ёрдамида эмас, давлатнинг ижтимоий ҳимоя дастурлари орқали пасайтирилади.

Мисол учун, Германия ёки Канада, юқори даражадаги ижтимоий давлатлар ҳисобланади. Бу давлатларда, ҳукуматлар ёки махсус ташкилотлар, йиғилган солиқлардан жуда кўп қатламларга керакли миқдорда ёрдам беради: бу – кам таъминланган, ишсиз, боқувчисини йўқотган, студентлар, янги эмигрантлар ва ҳ.к. Болали оилалар учун доимий ёрдам тизимлари мавжуд.

Қолаверса, ижтимоий давлатларда нормал ишлаб турган одамларни ҳам ижтимоий ҳимоя қилиш дастурлари жуда кучли. Иш берувчилар ўз ишчиларини истаганича эксплуатация қила олмайди. Иш шароитлари, иш вақтлари жуда аниқ белгиланган. Ортиқча ҳар бир иш соатига қўшимча ҳақ тўланади.

Мисол учун, ғарбий Европа давлатларида кечки соат 9дан тонги 5 гача – тунги иш вақти ҳисобланади ва бу вақт учун иш берувчилар 60 фоиз қўшимча ҳақ тўлашга мажбур. Ёки, ишловчининг автомашинаси ишга келаётиб йўлда бузилиб қолса, бу машина иш вақтида бузилган ҳисобланади ва унга иш берувчи томонидан маълум миқдорда компенсация тўланади. Кимки бир соатлик узоқ масофадан ишга келса, унинг ойлигидан даромад солиғи кам олинади ёки умуман олинмайди.

Ижтимоий давлатларда бундай ижтимоий ҳимоя дастурлари жуда кўп. Ҳар бир давлатнинг ўз модели, ўз анъаналари бор. Лекин, ижтимоий давлатнинг мақсади битта – халқ орасида камбағал, қашшоқ қатлам бўлмаслиги, кенгайиб бормаслиги керак.

Аҳоли орасида қийналган оилаларга, шахсларга давлат ёрдам бериб, уларнинг ўнгланиб кетишига кўмаклашмаса, ушбу жамиятда қашшоқлар қатлами кенгайиб бориб, бир куни давлатнинг ўзини камбағал, ночор ва ижтимоий зиддиятларга бой қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам, қайси давлатда қанчалик кучли ижтимоий ҳимоя мавжуд бўлса, одамлар шунчалик фаровон, улар ўртасидаги бирдамлик шунчалик мустаҳкам бўлади.

Хўш, Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлиши керакми? Агар Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлмаса, бу – камбағаллар, қашшоқлар синфининг кенгайиб боришини, ночор одамлар касалликдан бевақт вафот этишини, камбағалларнинг фарзандлари олий таълим ололмаслигини, жамиятда бойлар янада бойиб, камбағаллар янада камбағаллашиб боришини билдиради.

Лекин, давлатнинг, ҳукуматнинг ижтимоий ҳимоя дастурларини ким ўйлаб топади, ким бу ҳақда бош қотиради, ким бу борада сиёсий кураш олиб боради?

Одатда, ҳукуматларнинг ўзлари теп-текис жойда халққа, ночор қатламларга ёрдам беришга шошилмайди. Чунки ҳукуматларнинг мақсади – пулни тежаш ва тезда даромад берадиган соҳаларга сарфлаш ҳисобланади. Ижтимоий ҳимоя дастурлари эса тезда даромад бермайди, кўпинча, умуман даромад бермайди.

Биринчидан, ижтимоий ҳимоя дастурлари энг рақобатдош сайлов кампанияларида, одамларни ўз тарафига тортиш мақсадида пайдо бўлади. Иккинчидан, ижтимоий ҳимоя дастурлари ҳар доим давлат билан курашилиб, ҳукуматга сиёсий босимлар орқали қўлга киритилади. Энг асосийси, ижтимоий ҳимоя дастурларини ҳимоя қиладиган, амалга оширадиган энг асосий кучлар – бу сиёсий партиялар ҳисобланади.

Ўзбекистонда эса ҳозирча ижтимоий ҳимоя дастурларини амалга оширишда ҳукуматни танқид қилаётган партиялар кўринмайди. Ижтимоий давлат сиёсатини амалга ошириш учун ҳам, Ўзбекистонда энг зарур бўлган унсур – бу сиёсий плюрализм. Партиялар кўп бўлиши, эркин рақобатда бўлиши керак. Шундан сўнг, жамиятдаги энг оғир муаммолар, одамларни қийнаётган муаммоларга ечим излаб, партиялар ўзларининг сиёсий платформаларини ташкил қилишлари керак бўлади.

Ўзбекистон албатта ижтимоий давлат бўлиши керак. Бунинг учун эса, Ўзбекистон сиёсий плюрализмни, очиқликни, рақобатни, ватандошлик жамиятини кучайтириши керак бўлади. Акс ҳолда, Африка, Осиё, Лотин Америкасидаги баъзи давлатлардаги каби, қашшоқлик гравитациясидан чиқа олмайдиган ночор давлатлар қаторига тушиб қолади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Кўпроқ янгиликлар