Тахминан 2000 га яқин хорижий компаниялар Россия Молия вазирлигининг хорижий инвестициялар бўйича комиссиясига Россиядаги активларини сотиш учун ариза топширган. Бу ҳақда 28 март, сешанба куни, Financial Times (FT) нашри манбага таянган ҳолда маълумот берди.
Нашр суҳбатдошига кўра, Молия вазирлиги комиссияси ҳар ойда уч марта йиғилиб, бир йиғилишда еттидан кўп бўлмаган аризани кўриб чиқади. Шундай қилиб, The Insider ҳисоб-китобига кўра, ушбу жараён тезлигида комиссия томонидан барча тақдим этилган аризаларни кўриб чиқиш деярли саккиз йил давом этиши мумкин.
Киев Иқтисодиёт мактаби таҳлил маркази раҳбари Наталя Шаповал Financial Times нашрига ёздан бери Россия бизнесини сотмоқчи бўлган хорижий компаниялар кўплаб чекловларга дуч келганини айтди. Россияда юридик шахсларга эга бўлган ва йилига камида 5 миллион доллар даромад олган 1400 га яқин хорижий компанияларни кузатган таҳлилчиларга кўра, атиги 206 компания Россиядаги активларини тўлиқ сотган.
Россия Молия вазирлигининг 27 мартдаги қарорига кўра, Россияда активларини сотишга ҳаракат қилаётган «дўст бўлмаган» мамлакатлар компаниялари федерал бюджетга ҳисса қўшишлари шарт, бу расман «ихтиёрий» деб аталади ва сотилган активлар бозор қиймати ярмининг 10 фоизини ташкил қилиши керак. Агар активлар 90 фоиздан ортиқ чегирма билан сотилса, у ҳолда «тўлов» тўлиқ нархнинг 10 фоизигача кўтарилади.