Беларус Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг тактик ядро қуроллари учун махсус сақлаш омборини қуриш «ЯҚТШнинг I ва II моддалари қоидаларига зид эмаслигини» маълум қилди.
Беларус Ташқи ишлар вазирлиги, Минскнинг фикрига кўра, Россия тактик ядровий қуроллари (ЯҚ) учун махсус омбор қурилиши нима учун Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага (ЯҚТШ) зид эмаслигини тушунтирди. Тегишли баёнот 28 март, сешанба куни Беларус ТИВ сайтида эълон қилинди.
Муайян ўқ-дорилар билан самолётларни бошқаришга қодир беларуслик учувчиларни тайёрлаш, бундай самолётларни модернизация қилиш, шунингдек, Беларус ҳудудида ядро каллакларини улар устидан назоратни Минскка ўтказмасдан жойлаштириш, шунингдек, тегишли технологиялардан фойдаланиш «ҳеч қандай тарзда ЯҚТШнинг I ва II моддалари қоидаларига зид келмайди», деб кўрсатилган Ташқи ишлар вазирлиги изоҳида.
«Беларус ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик қатъий халқаро қонунларга мувофиқ амалга оширилмоқда», дея маълум қилди Минск ва қўйилаётган қадамлар «янгилик» эмаслигини қўшимча қилди.
Беларус Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат ҳудудида ядро қуролини жойлаштириш режаларини «ўз хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган мажбурий жавоб ҳаракатлари» деб атади.
25 март куни Россия президенти Владимир Путин Беларусда рус тактик ядро қуролларини жойлаштириш учун махсус омбор қурилиши 1 июлда якунланиши кераклигини маълум қилди. Ўнта самолёт ушбу турдаги қуроллардан фойдаланишга тайёр, «Искандер» ташувчи комплекси топширилди, деди Путин. Унга кўра, экипаж машғулотлари 3 апрелдан бошланади.
Сиёсий таҳлилчи Артем Шрайбман аввалроқ Россия ва Украина ўртасидаги уруш глобал даражага – Россия ва НАТО ўртасидаги тўқнашувларга кўтарилса, бундай вазиятда Беларус нишонга айланиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган эди.
«Бу қуроллар қанчалик кучли эканлигига қараб, яқин атрофдаги шаҳарлар ва бутун мамлакат аҳолиси учун таҳдид. Беларус потенциал жанг майдонига айланади, бу асосий хавф», деди у.