Франция сенсациядан қутулиб қолди, Нидерландия 50 та зарба берди. Европада кун ўйинлари

Спорт 12:44 / 28.03.2023 36041

B гуруҳи

Ирландия сенсация кўрсатишига бир бахя қолди

Ирландия — Франция 0:1
Гол:
Павар (50). 
Ирландия – Базуну, Коулмэн, Иган, О`Ши (Браун, 78), Коллинз, Доэрти (Макклейн, 77), Каллен, Моламби (Обафеми, 86), Найт (Жонстон, 77), Огбене, Фергюсон (Ида, 65).
Франция – Менян, Павар (Кунде, 81), Упамекано, Конате, Эрнандес, Рабьо (Тчуамени, 81), Камавинга, Жиру (Диаби, 65), Гризманн, Мбаппе, Коло-Муани (М.Тюрам, 90+2).

Биринчи турни ўтказиб юборган Ирландия жаҳо вице-чемпионларига муаммо туғдира олиши аввалдан кутилганди. Тўғри, Дидье Дешамнинг ҳам ўз режалари бор эди ва Дублинда у ўта ҳужумкор схема танлади, унда Коло Муанига ҳам, аввалги турда дам берилиб, фақат ўйин охирида майдонга туширилган Жируга ҳам бошланғич таркибдан жой топилди. Аммо «яшил либосли йигитлар» нидерландларнинг хатоларидан сабоқ чиқарган ҳолда Францияга бўш ҳудудлар қолдиришмади ва биринчи бўлимда ёдда қоларли вазиятнинг ўзи бўлмади.

Ўз жамоаси форвардларининг иложсизлигини кўрган ҳимоячи Павар эса ташаббусни ўз қўлига олишга қарор қилди. У прессингга қўшилиб, тўпни эгаллаб олди ва жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллади, тўп рикошет орқали дарвоза тўсини остидан бориб тушди. Афтидан, 2018 йилги жаҳон чемпионатининг энг чиройли голи муаллифи оддий гол ура олмайди. Шуниси эътиборлики, меҳмонларнинг шу куни дарвоза соҳасига аниқ йўллаган учта аниқ зарбасидан биринчиси ва хавфлиси бўлган шу зарба жамоага ғалаба келтирди.

Шу билан бирга, кимни ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топиш баҳсли масала бўлиб қолди — Паварними ёки финал ҳуштаги чалиниши арафасида мўъжиза кўрсатган Менянни? Аввалига ушбу дарвозабон Кунде автогол муаллифига айланишига йўл қўймай, дарвоза тўсини остига кириб кетаёган тўпни қайтарди. Кейин эса тўп бурчакдан ўйинга киритилганида ақл бовар қилмас сейв ижро этди.

Коллинз зарбадан кейин голни нишонлашга тайёр эди, аммо Менян юқори бурчакка йўл олган тўпни олиб чиққанида бошини чангаллаб қолди.

Нидерландия — Гибралтар 3:0
Голлар: Депай (23), Аке (50, 82). 
Нидерландия – Силлессен, Думфрис, ван Дейк, де Лигт (Маласиа, 77), Аке, Вейналдум (Гакпо, 46), Виффер (Блинд, 63), Симонс, Бергейс (Мален, 46), Депай (Классен, 63), Вегорст.
Четлатиш: Уокер (51).

Ўз навбатида, Парижда йирик ҳисобда мағлуб бўлган нидерландлар кутилганидек Гибралтарга қарши ўйинда хумордан чиқишди. Шу билан бирга, Роттердамдаги мухлислар кўпроқ кутган бўлса-да, Депайнинг голи танаффусга қадар ягоналигини сақлаб қолди. Қолаверса, бу гол дарвозабон тўпга чиқишда ўта қўпол хатога йўл қўйиши туфайли урилди. Бошқа томондан Вегҳорст иккита жуда қулай имкониятни йўққа чиқарди, Мемфис эса — шунчаки гибралтарликлар бўйича мутахассис. Бу рақибга қарши ўйинлардаги 16 голдан қарийб ярми «Атлетико» форвардининг тўғридан тўғри иштирокида (5+2) урилган.

Аммо бу сафар барчаси камтарона кечди, ҳолбуки мезбонлар иккинчи бўлимнинг катта қисмини бир киши кўп бўлиб ўтказган ва жами 50 зарба (!) берган бўлса-да. Иккинчи бўлимда Нидерландия таркибидаги энг фаол футболчи Аке дарвозани ишғол этди. Ўз амплуасига қарамай, ҳимоячи рақиб дарвозаси томон тўққиз бор ҳужум уюштирди ва еттита вазият яратди. Гибралтар эса жаҳон рейтингида юқори ўринларда турувчи рақибнинг шундай статистикасига қарамай, фақат учта гол ўтказиб, ўзига хос рекорд ўрнатди. Бунга қадар ушбу митти давлат ЖЧ-2014 саралашида Германиядан фақат 4 гол ўтказгани билан фахрлана оларди.

16 июн. Гибралтар — Франция, Греция — Ирландия.

F гуруҳи

Рангникда яна ғалаба, шведлар ўзини оқлади

Австрия — Эстония 2:1
Голлар: Каинц (68), Грегорич (88) — Саппинен (25). 
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Грегорич (17). 
Австрия – Линднер, Пош (Онисиво, 82), Данзо, Данилюк (Алаба, 46), Мвене, Лаймер, Виммер (Кайнц, 61), Любичич (Адаму, 46), Зайвальд, Баумгартнер (Шмид, 90), Грегорич.
Эстония – Хейн, Тамм, Метс, Паскочий, Пикк (Тунев, 90), Синявский, Васильев, Миллер (Шейн, 78), Кяйт, Саппинен (Оямаа, 84), Зенев (Рейнкорт, 90).

Миллатлар Лигаси стартини ҳам Австрия яхши ўтказганди. Биринчи давра якунларига кўра Ралф Рангник жамоаси турнир кашфиёти мақомига мос ўйин кўрсатганди, аммо якунда жамоа сўнгги ўринга тушиб кетди. Евро саралашида эса австрияликларга бундай натижа таҳдид солмаслиги тайин, лекин 2 турдан кейин 100 фоизлик натижа қайд этилган бўлса-да, жамоада барқарорлик борасидаги муаммолар бўй кўрсатишни бошлади.

Озарбойжон билан сафар ўйинидаги 4:1 ҳисобидан кейин уйда Эстонияга қарши ҳам шундай ишончли ўйин намойиш этилиши кутилганди, аммо биринчи бўлимда Грегоричнинг пенальтидан йўллаган зарбаси тўсинга тегди, Болтиқ бўйи жамоаси эса стандарт вазиятдан максимум натижа чиқарди. Меҳмонлар ҳаводаги курашларда устун келишди ва якунда тўпга эга чиққан жамоа тўпурари Саппинен Линднер дарвозасини ўққа тутди.

Иккинчи бўлимда эса агар эстонлар дарвозабони хатога йўл қўймаганида Австрия вазиятни ўнглаши даргумон эди. Хейн эса у қадар кучли бўлмаган зарбани ушлаб ололмади, қайтган тўп эса Кайнцга келиб тушди. Шундан кейин мезбонлар ўйин охирига бориб рақибни таслим этишди.

Грегорич айбини ювишида нафақат рикошет, балки Линц шаҳри сеҳри ҳам ёрдам берди. Бу ерда австрияликлар турнир ўйинларини кўп ўтказишмаган (жами 4 ўйин), аммо барчасида ғалаба қозонишган.

Швеция — Озарбойжон 5:0
Голлар: Форсберг (38), Мустафозода (65, автогол), Дьокереш (79), Карлсон (88), Эланга (89).
Швеция – Ольсен, Вальквист, Линделёф, Экдаль (Хин, 46), Гудмундссон, Кулусевски (Карлссон, 82), Форсберг (Карлстрем, 71), Густафссон, Сванберг, Дьокереш (Эланга, 87), Исак (Классон, 71).
Озарбойжон – Балаев, Хагверди (Гусейнов, 73), Мустафозода, Кривоцюк, Жафаргулиев (Алескеров, 73), Маҳмудов, Ришард, Исаев (Гурбанлы, 82), Байрамов, Шейдаев, Дадашов.

Белгияликларга қарши ўйинда иложсиз ҳолатда кўринган Швеция мухлислари қаршисида ўзини тўла оқлади. Скандинавлар қандайдир алоҳида қаҳрамонлик кўрсатишди дейиш қийин, лекин қайд этиш керакки, улар рақибнинг хатоларидан максимум натижа чиқаришди. Ҳисобни очган Форсберг марказдан осонлик билан жарима майдонига кириб келди, Исакнинг қанотдан узатмаси автоголга олиб келди, ҳимоячи хатосидан кейин тўпни олиб қўйган Челстрем Докерешни қулай вазиятга чиқарди. Ўйиннинг безаги эса АЗ форварди Карлссон томонидан ижро этилган жарима зарбаси бўлди, у Нидерландия чемпионатида узоқ масофадан гол уриш бўйича энг яхшилардан бири саналади. Ўйиндаги сўнгги гол ҳам ҳимоячилар хатосидан фойдаланган Эланга томонидан урилди, сўнгги вақтларда «МЮ»да ўйин амалиётига эга бўлмаётган бу форвард терма жамоа ўйинида ўзини кўрсатди.

17 июн. Белгия — Австрия, Озарбойжон — Эстония

Е гуруҳи

Полша — Албания 1:0
Гол: Свидерски (41). 
Полша – Шченсни, Саламон, Беднарек, Кивер, Залевски (Скурась, 68), Каминьски, Зелиньски, Линетти (Шиманьски, 78), Франковски, Левандовски, Свидерски (Шиманьски, 89).
Албания – Стракоша, Балиу, Кумбула, Михай, Ҳюсай, Гьясула (Лячи, 88), Рамадани, Аслани (Байрами, 76), Асани (Меҳмети, 70), Цикалеши (Сефери, 75), Узуни.

Бу гуруҳда ўтказилган икки турдан кейин қандайдир глобал хулоса чиқариш қийин. Масалан, ёрқин старт қилган Чехия бир неча кун ўтиб Кишинёвда умуман полшаликлар мудофаасини сочиб ташлаган жамоага ўхшамади. Кухтанинг бу сафарги голи яққол офсайддан урилди ва натижада жамоа гуруҳ жадвалида илгарилаб кета олмади.

Полшанинг Фернанду Сантуш бошчилигидаги илк ғалабаси зарбадан қайтган тўпга зарба берган Свидерски урган гол эвазига рўй берди. Полякларда яна вазиятлар бўлди, масалан Левандовскининг жарима майдонига ёриб кириши фақат ҳимоячи тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб қолгани туфайлигина гол бўлмай қолди. Ўз навбатида, бу оқшом Шченсни бир неча сейв амалга оширишига тўғри келди, ўйин охирида эса Узунининг қулай нуқтадан берган зарбаси дарвоза тўсини ёнгинасидан ўтиб кетди.

Молдова — Чехия 0:0

17 июн. Фарер ороллари — Чехия, Албания — Молдова.

G гуруҳи

Влаҳович Болқон дербисини ютиб берди

Черногория — Сербия 0:2
Голлар: Влаҳович (78, 90+6). 

Венгрия — Болгария 3:0
Голлар: Вечеи (7), Собослаи (26), Адам (39).

Болқон дербиси натижасига кўра Сербия гуруҳда яккапешқадам бўлиб олди, бу ғалабани Драган Стойкович томонидан амалга оширилган футболчи алмаштиришлар таъминлади. Влаҳович идеал жокер вазифасини ўтади, у аввалига Младеновичнинг қанотдан узатмасига оёқ қўйиб ҳисобни очди, кейин эса қўшиб берилган дақиқаларда черногорияликларнинг умидини сўндирувчи голни урди.

Айни вақтда гуруҳда Сербиянинг асосий рақобатчиси саралашдаги илк ўйинни жуда кучли ўтказган Венгрия бўлиб қолди. Ўйиннинг безаги эса Собослои ижросидаги жарима зарбаси бўлди.

17 июн. Черногория — Венгрия, Литва — Болгария.

Кўпроқ янгиликлар