БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурларида портлашларни ташкил этиш юзасидан халқаро тергов ўтказиш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватламади. 27 март, душанба куни бўлиб ўтган овоз беришда ушбу ҳужжат фақат Россия, Хитой ва Бразилия томонидан қўллаб-қувватланди, Хавфсизлик кенгашининг қолган 12 аъзоси эса бетараф қолди.
Резолюция учун камида тўққизта «ҳа» овози ҳамда Россия, Хитой, Франция, АҚШ ва Британия томонидан вето қўйилмаслиги керак эди.
Россиянинг «Шимолий оқим»даги портлашларни текшириш бўйича БМТ комиссиясини тузиш тўғрисидаги резолюцияси бўйича овоз беришда бетараф қолган давлатларнинг аксарияти буни давом этаётган миллий тергов натижаларини кутиш истаги билан изоҳлади, дея таъкидлайди Reuters.
Хусусан, АҚШнинг БМТдаги вакили ўринбосари Роберт Вуднинг айтишича, «Шимолий оқим» бўйича БМТ шафелигида тергов ўтказишга ҳожат йўқ, чунки Швеция, Дания ва Германияда терговлар «ҳар томонлама, шаффоф ва холис олиб борилмоқда». У Россия резолюциясини «давом этаётган миллий тергов ишларини обрўсизлантириш ва уларнинг Россиянинг олдиндан белгилаб қўйилган ва сиёсий позициясига тўғри келмайдиган хулосани қарама-қарши қўйишга уриниш» деб атади. «Бу ҳақиқатни топишга уриниш эмас», деди Вуд.
Сўнгги ойларда Россия «Шимолий оқим» портлашлари бўйича миллий текширув ўтказаётган давлатларни улар Москвани вазият ҳақида хабардор қилмаётгани борасида бир неча бор қоралади.
2022 йил 26 сентябрда «Шимолий оқим»нинг иккита тармоғида, кейин эса «Шимолий оқим-2»да жами тўртта сизиб чиқиш жойи аниқланган. Бунгача Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар худди шу ҳудудда кучли сувости портлашларини қайд этган.
Германия, Дания ва Швецияда ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Портлаш сабаблари ҳақида ҳали ишончли маълумотлар йўқ.