Янгиланаётган конституцияда интеллектуал мулк. Муаллифлик ҳуқуқига муносабат қай даражада ўзгаради?

Ўзбекистон 11:23 / 27.03.2023 4352

Янги таҳрирдаги конституциянинг 53-моддасида ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқий кафолатланиши, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйиляпти. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилади.

Инсон томонидан яратиладиган ижодий ақлий фаолият маҳсули ҳисобланган интеллектуал мулк аслида иқтисодиёт ривожланишининг таркибий қисмларидан биридир. Иқтисодиёти ривожланган мамлакатларнинг деярли барчасида интеллектуал мулк ривожига катта эътибор қаратилгани сабабли уларнинг инвестициявий жозибадорлиги яхшиланган, интеллектуал мулкнинг ички ялпи маҳсулотдаги улуши кескин ортган. Масалан, интеллектуал мулк Европада ялпи ички маҳсулотнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда эса 7 фоизни ташкил этади.

Замонавий дунёда интеллектуал мулк ҳимоясини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, номоддий активлар улуши 1975 йилда 17 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 90 фоизга кўтарилиб, уларнинг тахминий қиймати 21 триллион АҚШ долларига етган. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти таҳлилларига кўра, 2019 йилда 17 та давлат машҳур қаҳрамонлар ва ўқув-илмий адабиётлардан фойдаланиш учун лицензия олиш натижасида 64,1 млрд доллар фойда кўрган.

Яна бир мисол: 2017 йилда АҚШнинг ЯИМга муаллифлик ҳуқуқлари орқали келган даромад 2,2 трлн долларни ташкил қилган. Бу – АҚШ ЯИМнинг 12 фоизига тенг.

Интеллектуал мулк жуда сердаромад йўналиш ҳисобланади. Дунёда “Coca-Cola”, “KFC” ва “Dodo Pitssa”, “Nestle” ёки “Apple” каби компаниялар айнан интеллектуал мулк ортидан триллион доллардан ортиқ даромад олади. Лекин Ўзбекистонда интеллектуал мулкни тижоратлаштириш даражаси жуда паст. Бундан эса олимлар, ихтирочилар, тадбиркорлар, ёзувчилар, санъаткорлар ва бошқа ижодкорлар жиддий жабр кўрмоқда.

Ўзбекистонда ҳам интеллектуал мулкка нисбатан қиймат сифатида қараш шаклланиши зарур. Ҳозир Ўзбекистонда интеллектуал мулк мамлакат иқтисодиётида қанча фоизни ташкил этиши, муаллифлар қанча даромад олаётгани ҳақида статистик маълумотлар юритилмайди.

Интеллектуал мулк соҳасини янада такомиллаштириш, шу жумладан, тадбиркорлик ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган зарур шарт-шароитларни яратиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини янада яхшилашга хизмат қилади. Ушбу ҳуқуқни конституциявий даражада эътироф этмасдан туриб эса самарали иқтисодий-ижтимоий ривожланишни таъминлаш қийин.

Амалдаги конституциянинг 36-моддасида ҳар ким мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланган. Бироқ интеллектуал мулк алоҳида кўрсатиб ўтилмаган. Ўз навбатида, 42-моддада илмий-техник ижод эркинлигини белгиланган, аммо янги маҳсулот ёки ишланма яратган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи очиқ қолмоқда. Яъни амалдаги конституция интеллектуал мулкни алоҳида эътироф этмайди, инсоннинг ижодий ва инновацион фаолиятини ҳимоя қилишни етарли даражада кафолатламайди.

Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни конституцияда белгилаш интеллектуал мулкнинг оддий мулк қатори тан олинишига, уни даромад келтирадиган манба сифатида кўриб чиқишга имкон беради.

Интеллектуал мулк ҳимояси Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликнинг ҳам муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Мамлакатлараро савдо қоидаларини бошқариб турувчи ягона халқаро ташкилот бўлган ЖСТга аъзо бўлиш жараёни 8-15 йилни ташкил этади. Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун 1995 йилда ариза топширган бўлса ҳам бу борадаги ижобий силжишлар 2017 йилдан кейингина кузатила бошланди.

ЖСТга аъзолик Ўзбекистон иқтисодиёти учун катта фойда келтиради. Сабаби, мазкур ташкилот халқаро тижорат учун чексиз имкониятлар эшигини очиб беради. Шу сабабли, интеллектуал мулк ҳуқуқининг конституцияга киритилиши ЖСТ аъзолиги сари ташланган навбатдаги қадам бўлиши мумкин.   

Кўпроқ янгиликлар