First-Citizens Bank & Trust Company банкрот бўлган АҚШнинг Silicon Valley Bridge Bank’дан депозитларни сотиб олади ва кредитларни ўзига ўтказади, деб хабар берди АҚШ Депозитларни суғурталаш федерал корпорацияси.
First-Citizens Bank & Trust Company банкрот бўлган АҚШ банки Silicon Valley Bridge Bank’дан депозитларни олади ва кредитларни ўзига ўтказади. Бу ҳақда 26 март, якшанба куни АҚШнинг Депозитларни суғурталаш бўйича федерал корпорацияси (FDIC) маълум қилди.
Silicon Valley Bridge Bank - FDIC томонидан яратилган санатор-банк бўлиб, март ойи бошида ёпилган Silicon Valley Bank (SVB) активлари ва депозитларини ўзига олди.
Шу билан бирга, 27 март куни Silicon Valley Bridge Bank’нинг 17 та собиқ филиаллари янги ном билан очилади.
«Silicon Valley Bridge Bank омонатчилари... автоматик равишда First-Citizens Bank & Trust Company омонатчиларига айланади. First-Citizens Bank & Trust Company томонидан қабул қилинган барча омонатлар FDIC томонидан суғурта лимитигача суғурта қилинади», - дейилади FDIC пресс-релизида.
10 март ҳолатига кўра, Silicon Valley Bridge Bank’нинг активлари тахминан 167 миллиард доллар (163 миллиард евро) ва депозит ҳисобларида тахминан 119 миллиард доллар (110 миллиард евро) бўлган. First-Citizens Bank & Trust Company Silicon Valley Bridge Bank’нинг тахминан 72 миллиард доллар (67 миллиард евро) активларини 16,5 миллиард доллар (15,3 миллиард евро) чегирма билан сотиб олди. Тахминан 90 миллиард доллар (83,5 миллиард евро) қимматли қоғозлар ва бошқа активлар FDIC ихтиёрида қолади.
Silicon Valley Bank Америка банки 10 март куни Депозитларни суғурталаш федерал корпорацияси (FDIC) назоратига ўтганди. У банк активларини янги юридик шахсга ўтказди ва барча омонатчиларга тўлиқ компенсация тўлашни ваъда қилди. SVB - технологик ва венчур фирмаларга хизмат кўрсатувчи, АҚШдаги 16-йирик банкнинг банкротлиги - 2008 йилги молиявий инқироздан кейинги энг йириги бўлди.