Беларусда Россия ядро қуроли бўлади. Путиннинг интервюсидан асосий гаплар

Жаҳон 22:12 / 26.03.2023 42397

«Миллион бу катта рақам»

Мухбир Путиндан Ғарб Украинага яна бир миллионта снаряд етказиб бериши, бу Россия учун қанчалик хавфли экани ҳақида сўради.

«Миллион кўпми ёки камми? Менимча, бу яхшигина катта рақам. Шу боис бу нарсага жиддий эътибор бериш керак. Биздаги маълумотларга кўра, АҚШ бундай калибрдаги снарядлардан ойига 14-15 мингта ишлаб чиқаради. Украина эса кунига 5 мингтагача снаряд ишлатмоқда. Биздаги манбаларга кўра, АҚШ кейинги йилдан ойига 42 мингта шундай снаряд ишлаб чиқариб, 2025 йилдан эса бу кўрсаткични 75 мингтачага оширмоқчи. 2025 йилда нима бўлишини билмаймиз, шу боис ҳозирги рақамларга қараб иш қилишимиз керак», деди Путин.

Россияда охирги вақтларда снаряд етишмовчилиги билан боғлиқ муаммо тез-тез тилга олинмоқда. Хусусан, «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин ва унинг ёлланма жангчилари Россия бош штабини снаряд етказиб беришдаги сусткашлик учун кўп марта ҳақорат қилган ва хатто хиёнатда айблаган. Путин интервюси давомида бу мавзуга ҳам тўхталиб, РФ мудофаа вазирлиги ҳамда бош штаб келишган ҳолда снаряд сарфига чеклов ўрнатганини маълум қилган. Яъни снаряд кам берилаётгани унинг буйруғи асосида амалга оширилмаётганига ишора қилди.

«Ҳа, биз кўпроқ снаряд ишлатяпмиз. Ҳозир буни муҳокама қилмоқчи ҳам эмасман, лекин мудофаа вазирлиги ва бош штаб келишган ҳолда снаряд етказиб бериш учун лимит ҳам жорий қилишга мажбур бўлишди. Биз ҳозир Украинага миллионта снаряд берилиши ҳақида гапиряпмиз, лекин Россия бундан уч баравар кўп снаряд ишлаб чиқарди. Кўпчилик ҳарбий ишлаб чиқариш саноатимиз бунчалик тез ривожланиб кетишини кутмаганди ҳам. Шундай экан, Украинага келаётган снарядлар сони бизни бу борада хавотирга солмайди, шунчаки бу можарони чўзиб юбориши мумкинлиги боис хавотирли», деди Россия президенти.

Путиннинг сўзларига кўра, бошқа қуроллар ҳам ҳар қанақасига Россияда кўпроқ бўлаверади: «Украинага 400 тадан кўпроқ, 420, 440 та танк етказиб беришмоқчи, лекин биз бу вақтда 1600 танк ясаймиз ёки модернизация қиламиз. Бизда ҳар қанақасига Украинадагидан уч баравар кўп танк бўлади. Авиация ёки бошқа турдаги қуроллар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Бу борада фарқ ўн бараваргача».

Путин Украинага етказиб берилиши кутилаётган кучсизлантирилган уранли снарядлар мавзусига алоҳида тўхталди. «Албатта, бу оммавий қирғин қуроллари сирасига кирмайди, лекин ундан барибир радиацион чанг чиқади. Бундай қуроллардан фойдаланилгандан кейин Ироқ ва Югославияда онкологик касалликлар кўпайган. Ахир Украина ҳужум қилаётган ерлардаги одамларни ўзиники деб ҳисоблаяпти-ку. Бу қурол нафақат жангда қатнашаётганларга, балки атрофдаги одамларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ҳа, бизда ҳам бундай турдаги қуроллардан юз минглаб дона бор, лекин улардан ҳали фойдаланганимиз йўқ», деди Путин.

Беларус ҳудудида ядро қуроли жойлаштирилади

Путиннинг интервю давомида айтган энг шов-шувли гапи Беларус ҳақида бўлди. Унинг сўзларига кўра, Россия Беларус ҳудудида ядро қуролларини жойлаштиради. Буни эса гўёки қўшни давлат президенти Лукашенко сўраган.

«Александр Лукашенко анчадан буён Беларус ҳудудига ядровий тактик қуролларни жойлаштириш масаласини кўтариб келади. Бунда ноодатий нимадир йўқ деб ўйлайман. Бу, айтайлик, АҚШ 10 йиллардан буён қилиб юрган иш. Хотирам панд бермаётган бўлса, америкаликлар НАТОдаги иттифоқчилари бўлган олти давлат ҳудудига бундай қуролларни жойлаштирган. Булар Германия, Туркия, Белгия, Италия, Нидерландия ва Греция. Тўғри, Грецияда ҳозир йўқ, лекин у ерда омбор мавжуд.

Лукашенко менга «Ахир биз яқин иттифоқчи бўлсак, америкаликлар бундай қуролларни иттифоқчилари ҳудудига жойлаштириб ётибди» деб айтди. Ва биз ҳам шундай қилишга келишиб олдик. Беларусдаги иттифоқчиларимизга самолётларини қайта жиҳозларга ёрдам бердик. Ҳозирда Беларус ҳарбий ҳаво кучларининг 10 та самолёти ядро қуролини қўллашга тайёр. Бундан ташқари, Беларусга ядро ташувчи вазифасини бажара олувчи «Искандер» ракета тизимларидан берганмиз. 3 апрелдан экипажни тайёрлашни бошлаймиз, 1 июлда эса тактик ядро қуролини сақловчи омборни қуриб битказамиз».

Ядро қуроли Беларусга берилмайди

Путиннинг гапларига мослаб олдиндан тайёрланган саволларни бераётган пропагандачи журналист унинг ядро қуроли борасидаги гапидан кейин мавзуни тушунмаган кўринади. У «бундай қуроллар ўзи қачон берилади» деб сўраб қолди.

«Қуролларнинг ўзини эса бермаймиз. АҚШ ҳам ҳеч кимга бундай қуролни бермайди. Биз ҳам худди улар қилаётган ишни қиламиз. Улар ҳам экипажни тайёрлашади, ташувчиларни ҳозирлаб қўйишади. Биз ҳам Лукашенко билан худди шундай қилишга келишганмиз», деди Путин.

Ғарб қуроллари нега фронтгача етиб боряпти?

Путинга суҳбат давомида яна бир ноқулай савол берилди. Журналист Россия президентидан Ғарб Украинага юбораётган қуроллар, танклар қандай қилиб фронтгача етиб келаётгани ҳақида сўради.

«Биз бунга бефарқ қараб ўтирганимиз йўқ. Ҳарбийларимиз қўлдан келган ишларни қилишмоқда. Лекин ҳар сафар ҳам биз хоҳлаган иш бўлаётгани йўқ. Кечалари олиб ўтишмоқда, яширин тарзда олиб келишяпти. Лекин аниғи шуки, биз бундай бўлмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз», деди Путин.

Россия президенти Хитой етакчиси Си Жинпингнинг Москвага ташрифи ҳақида тўхталар экан, икки давлат ўзаро Хитой юанида савдо қилаётганига муносабат билдирди: «Ҳа, биз долларда олди-берди қилардик, лекин уларнинг ўзи (АҚШ назарда тутилмоқда) бунга йўл қўйишмаяпти-ку? Шундай экан, ҳамкорларимиз билан Халқаро валюта фондидаги бошқа валютадан фойдаланишимиз керак. Юан шундай пуллардан бири. Улар доллардаги автивларни чеклаш орқали ўзларига зарар беришмоқда, оёқларига ўқ узишмоқда дейиш ҳам мумкин.

Бундай ҳолатда дунёдаги давлатлар, айниқса олтин валюта захирасига эга мамлакатлар Америка қанчалик ишончли ҳамкор деб ўйлаб қолишмоқда. Шу боис, биз билан бажонидил юанда савдо қилишмоқда. Яқин Шарқдаги нефт қазиб оладиган давлатлар ҳам юанда савдо қилишга қарши эмас. Аммо биз бу борада вариантларни кенгайтириб борамиз ва ишончли валюталарда савдони амалга оширамиз. Ҳамма давлат ўз валютасини мустаҳкамлашни истайди. Ўша гап, америкаликлар негадир ўзлари хушламайдиган давлатлар учун долларда савдони чеклаб катта хато қилишмоқда».

«Бу ерда квартирам бор»

Путин Си Жинпинг билан бўлган суҳбати ҳақида ҳам гапириб берди: «У билан бирга тушлик қилдик. Кейин эса дўстона суҳбат учун бошқа бинога таклиф қилдик. Бу ерда менинг квартирам бор. Охирги вақтларда тез-тез ётиб қоляпман, шу ерда ишлаяпман. Хитой етакчиси билан камин олдида чой ичиб дунёдаги масалалар ҳақида шошмай гаплашдик.

Хусусан, Хитойнинг Украинадаги тинчлик режаси масаласини муҳокама қилдик. Қизиғи, учрашувимиз вақтида Ғарб Украинага 1 миллион снаряд етказиб бермоқчи эканини билдик. Эртасига эса Британия Украинага кучсизлантирилган уранли снаряд юборишидан хабар топдик. Худди Ғарбдагилар бизнинг учрашувимиз вақтида бу ҳақда атайин қилгандек.

Камин олдида 4 соат чой ичиб, асосан иқтисодий масалаларни гаплашдик. Тўғри, Хитой билан ҳарбий соҳада ҳамкорлигимиз бор, лекин биз ўзаро ҳарбий иттифоқ тузиб ҳеч кимга таҳдид қилаётганимиз йўқ. АҚШ-чи? Борган сари янги иттифоқлар тузиб ётишибди. Улар НАТОни ривожлантириб, унга Янги Зеландия, Австралия, Жанубий Кореяни ҳам қамраб олишмоқчи».

Путин одатда бошқа давлатларнинг ички ишлари ҳақида гапирмайди, аммо бу интервюсида у Франциядаги пенсия ислоҳоти ҳақида ҳам тўхталди. Путинга кўра, Россия бу ишни анча «юмшоқ тарзда амалга оширган».

«Францияда бўлаётган воқеалар уларнинг ўз иши. Дунё ривожланиб, ўртача яшаш ёши ошиб бораётган бир вақтда пенсия ислоҳоти қилмаган давлатларни билмайман. Бу ишни Францияда ва бизда қандай қилинганида эса фарқ бор. Бизда аёллар ва эркаклар пенсия ёшидаги 5 йиллик фарқ сақлаб қолинди. Уларда эса ҳеч қандай фарқ йўқ. Кейин бизда ўтиш даври 10 йил этиб белгиланган. Асосийси эса биз муддатидан аввал пенсияга чиқиш бўйича барча имтиёзларни сақлаб қолдик. Францияда эса билишим бўйича муддатидан аввал пенсияга чиқиб бўлмайди.

Муддатидан аввал пенсияга чиқиш тартиби бўлиши керак. Чунки ҳар хил меҳнат шароити ҳар хил ёндашувни талаб қилади. Мен бунга мана шундай қарайман», деб сўзини якунлаган Путин.

Кўпроқ янгиликлар