Хитой раҳбарининг келаси ҳафта Москвага бориши ҳақида дастлаб Кремлда хабар қилинди ва кейин Хитой Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланди. Россиянинг учрашув тўғрисидаги баёнотида музокаралар чоғида «ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорлик» масалалари муҳокама қилиниши айтилган.
«Си Жинпинг президент Путин билан икки томонлама муносабатлар, шунингдек, умумий хавотирли бўлган асосий халқаро ва минтақавий муаммолар (...) юзасидан кенг кўламли фикр алмашади ва икки томонлама муносабатлар ривожига янги турткини беради», деди Хитой ТИВ вакили Ван Вэнбин.
Хитой президенти Москвага Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери илк бор ташриф буюрмоқда, бироқ бўлажак учрашувнинг илк хабарларида на Москва, на Пекин муҳокама мавзуси уруш эканини тўғридан тўғри тилга олган.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Украина ҳали ҳам суҳбат мавзуларидан бири бўлиб қолишини айтди.
«Албатта, Украинадаги можаро муҳокама қилинади. Биз Хитой раҳбариятининг бу борадаги вазмин, ўлчовли позициясини юқори баҳолаймиз, Хитойнинг келишув режасидан хабардормиз», деди Ушаков.
Путин ўтган йил охирида онлайн музокаралар чоғида Си Жинпингни Москвага таклиф қилганди. Аммо Хитой раҳбари ўз нутқида таклифга жавоб бермаган эди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги аввалроқ Пекин Украинадаги уруш бўйича «холис ва адолатли» позицияга интилаётгани, шунингдек, Киев ва Москва ўртасида тинчлик музокараларини ўрнатишда конструктив рол ўйнашга тайёрлигини таъкидлаган эди.
Хитойнинг «тинчлик режаси». Ғарб бунга шубҳа билан қарайди
Россиянинг Украинага бостириб киришининг бир йиллиги муносабати билан Хитой Россия ва Украина ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режасини тақдим этди. Режа 12 та, жумладан: «ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш», «тўғридан тўғри мулоқотни тиклаш», «барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш», «бир томонлама санкцияларни тугатиш» каби бандлардан иборат.
Ғарб давлатлари бу режага шубҳа билан қарамоқда ва Пекин одатда Кремл қарорлари ва позициясини қўллаб-қувватлашга мойил эканини таъкидламоқда.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Хитой Россияга қурол етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Хитой бу каби айбловларни доимо рад этиб келади.
Си Жинпинг ва Зеленский ўртасида ҳам музокаралар бўлиб ўтадими?
Американинг The Wall Street Journal нашри аввалроқ Си Жинпинг Украина президенти Володимир Зеленский билан гаплашишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди – бу ҳам уруш бошланганидан бери биринчи марта. Газетанинг ёзишича, бу Москва ташрифидан кейин видеорежимда амалга ошиши мумкин.
Бироқ Пекин Киевнинг Си Жинпинг ва Зеленский ўртасидаги учрашувни ташкил этишга уринишларига ҳозирча ижобий жавоб қайтаргани йўқ. Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба аввалроқ Зеленский Хитой президенти билан телефон орқали мулоқот қилишга тайёрлигини айтганди.
Украина ва Хитой ўртасида 2011 йилдан бери эълон қилинган «стратегик шериклик»ка қарамай, Россия босқинининг бутун даврида Си Жинпинг ва Володимир Зеленский ўртасида тўғридан тўғри алоқалар бўлмаган. Фақат Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба ХКП Марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари, Хитойнинг собиқ ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди. Шу билан бирга, Ван И АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан ҳам учрашган эди.
Ван И феврал ойи охирида Москвага ташриф буюрди ва у ерда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан музокаралар ўтказди, сўнгра Владимир Путин билан учрашди.
Москва ва Пекиннинг «чексиз ҳамкорлиги»
16 март куни Украина ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Хитой вакилининг айтишича, Пекин Украинадаги уруш авж олганидан хавотирда ва Москва ва Киев тинчлик музокараларига қайтишини истайди. Хитой ТИВ раҳбари, шунингдек, можарога сиёсий ечим топиш учун тезкор ҳаракатларни кутаётганини айтди.
«Давлат маслаҳатчиси ва Хитой ташқи ишлар вазири Син Ганг билан суҳбат чоғида биз ҳудудий яхлитлик тамойилининг аҳамиятини муҳокама қилдик. Мен Украинада агрессияни тўхтатиш ва адолатли тинчликни тиклаш учун Зеленскийнинг «тинчлик формуласи» муҳимлигини таъкидладим», деди Дмитро Кулеба, музокаралар ҳақида фикр билдириб.
Хитой ва Россия «чексиз» ҳамкорликни 2022 йил февралида, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланишидан сал аввал эълон қилган эди. Бу ҳақда Россия етакчиси Владимир Путин Олимпия ўйинлари учун Хитойга ташрифи чоғида гапирганди.
Ўшандан бери, афтидан, икки давлат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланди. Уруш бошидан бери Хитой ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми сезиларли даражада ўсди ва Ғарб санкцияларидан кейин Хитой Россия нефтининг энг йирик харидорига айланди.