Жаҳон банки экспертлари Татяна Проскурякова ва Уилям Сейтс Марказий Осиё мамлакатларида меҳнатга ҳақ тўлашда аёллар ва эркаклар даромадининг тенгсизлиги борасида тадқиқот ўтказди.
Қайд этилишича, глобал миқёсида аёлларнинг маоши эркаклар иш ҳақининг ўртача 80 фоизини ташкил қилади. Марказий Осиёда эса бу фарқ янада катта: Тожикистонда аёллар эркаклар иш ҳақининг қарийб 60 фоизи, Ўзбекистонда 61 фоизи, Қирғизистонда 75 фоизи Қозоғистонда эса 78 фоизи миқдорида маош олади.
Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги тўлақонли иштироки меҳнат бозорининг диверсификацияси ва жадал ривожланишига хизмат қилади.
Экспертларининг таъкидлашича, гендер тенглиги юқори бўлган мамлакатларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий даромад ва иқтисодий ўсиш суръатлари баланд. Марказий Осиё мамлакатларида эса иш ҳақи ва аёллар бандлигининг пастлиги бевосита минтақа иқтисодиёти ҳажмини пасайтиради ва қашшоқликда яшаётганлар сонини оширади.
“Агар Марказий Осиёда аёллар эркаклар билан тенг меҳнат қилиб, бир хил даромад олса, миллий даромаднинг ўсиши Қозоғистонда 27 фоиздан Тожикистонда 63 фоизгача бўлган бўларди. Ўзбекистонда иш билан банд бўлган аёллар ва эркаклар ўртача иш ҳақидаги гендер тафовутини бартараф этиш 700 мингдан ортиқ одамни қашшоқликдан чиқаришга ёрдам беради”, дейилади мақолада.
Жаҳон банкининг “Марказий Осиёни тинглаш” тадқиқоти доирасида ўтказилган сўровномаларга кўра, минтақада аёллар имкониятларини чекловчи камситиш амалиётлари сақланиб қолмоқда.
2022 йилда минтақа бўйлаб сўровномада қатнашган респондентларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи аёл оила ва уй ишлари билан шуғулланувчи биринчи шахс, эркак эса асосий боқувчи бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Респондентларнинг 20 фоизидан 50 фоизигача қисми, турмуш қурган аёллар оилада тотувликни сақлаш учун эрларидан камроқ маош олиши кераклигини айтган. Иштирокчиларнинг бу борадаги фикри шаҳар ёки қишлоқда яшашига қараб деярли ўзгармаган.
“Буларнинг барчаси меҳнат бозорида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини, уларнинг иқтисодий фаоллигини чекловчи қарашлар кенг тарқалганлигини кўрсатади”, дейилади тадқиқотда.
Жаҳон банки мутахассислари гендер тенгсизлиги имтиёзлар билан боғлиқми ёки тизимли тўсиқлар борми деган саволга аниқлик киритиш мақсадида иккита тажриба ўтказади.
Биринчи тажриба винеткалар усули, яъни фаразий белгиларнинг қисқача оғзаки портретлари ёрдамида амалга оширилган. Яъни умумий касб вакили (масалан, шифокор ёки ўқитувчи) тавсифланган ва охирида унинг иш ҳақи миқдори кўрсатилган. Улар ўхшаш хусусиятларга эга хаёлий қаҳрамонлар бўлган. Асосий истисно қаҳрамоннинг ярмида аёл, қолган ярмида эркак исми келтирилган.
Тажриба иштирокчиларидан маълум бир ишчининг маошини жуда паст, нормал ёки жуда юқори деб ҳисоблашларини кўрсатиш сўралган. Икки ой давомида 70 мингдан ортиқ киши билан кўрсатилган иш ҳақи бўйича фикрини билиш мақсадида суҳбат ўтказилган. Гап аёллар маоши ҳақида кетганда сўровда қатнашганларнинг 13 фоизи бу жуда баландлигини, 34 фоизи эса эркаклар учун бу маош жуда пастлигини қайд этган.
Иккинчи тажриба доирасида эса Ўзбекистондаги бир неча юзта ҳақиқий иш эълонига реал ҳаётда мавжуд бўлмаган хаёлий резюмелар юборилган. Кўрсатилган малака, тажриба ва бошқа параметрлар бир хил, фақат битта фарқ — ариза берувчиларнинг ярми аёллар бўлган.
Эксперимент натижаларига кўра, аёл киши ҳайдовчи сифатида ишга кириши учун бир хил малакага эга бўлган эркакка нисбатан 180 фоиз кўпроқ ариза юбориши керак. Шунингдек, эркак киши бухгалтер лавозимига суҳбатга таклиф қилиниши учун аёл кишига қараганда 79 фоиз, офис менежери (администратор) лавозимига эса 685 фоиз кўпроқ резюме юбориши керак бўлади.
Жаҳон банки экспертларининг қўшимча қилишича, эркаклар ва аёллар ўртасидаги иқтисодий имкониятларнинг номутаносиблиги аҳолининг даромадлари ва иқтисодий фаоллигини пасайтириб, камбағаллик даражасининг ошишига ва иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишига олиб келади. Ушбу муаммоларни ҳал қилишдаги биринчи қадамлардан бири тенглик йўлидаги ҳуқуқий тўсиқларни олиб ташлаш бўлиши керак.
“Ўтган йили Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб дунёнинг 95 та давлати қаторида эркаклар ва аёллар учун меҳнатга тенг ҳақ тўлаш бўйича мажбурий талабни жорий қилди. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам Ўзбекистондан ўрнак олиши ва меҳнатга тенг ҳақ тўлашга ўтиши керак. Қозоғистон 2021 йилда “аёллар учун тақиқланган касблар” рўйхатини бекор қилди. Чекловлар ҳалигача мавжуд бўлган минтақа давлатлари ҳам уларни олиб ташлаши лозим.
Бироқ бандлик ва иш ҳақи соҳасида гендер тенгсизлигини бартараф этиш учун ҳуқуқий ислоҳотларнинг ўзи етарли эмас. Иш берувчилар, ишчилар, ҳукуматлар ва жамият аёллар меҳнатининг роли ва қиймати ҳақидаги кенг тарқалган қолипларга қарши чиқишлари керак. Дискриминация ва имкониятлар тенгсизлиги муаммоси ҳал этилмагунча, Марказий Осиё қашшоқликни камайтириш ва иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигини ошириш каби вазифаларни тўлиқ бажара олмайди”, дея хулоса қилади ЖБ мутахассислари.
Аввалроқ, UNICEFʼнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўтказган сўровнома натижалари эълон қилинганди. Унда 18-19 ёшли ўсмир қизлар иштирок этган. Маълум бўлишича, уларнинг 37 фоизи эркак киши аёлининг гап қайтаргани, овқат тагига олиб кетгани, кўчага сўроқсиз чиққани учун калтаклашини нормал ҳолат деб билади.
UNICEF бу ҳолатга қуйидагича қисқа изоҳ берган: “Стереотиплар қизларни оилавий зўравонлик ва шафқатсиз муносабат қурбонига айлантиради”.