Маданият ва туризм вазирлиги Германияда “Марказий Осиёдаги йилнинг энг яхши туризм вазирлиги” дея эътироф этилди

Жамият 17:17 / 11.03.2023 8371

Таъкидлаш жоизки, "PATWA" ҳар йили дунёдаги энг йирик саёҳат ярмаркаси ҳисобланган "ITB Berlin" ("Internationale Tourismus-Börse Berlin") доирасида "PATWA International Travel Awards" тадбирини ташкил қилади. Тадбирда 7 мингдан ортиқ журналист, экспонент ва 180 мамлакатдан сайёҳлик соҳасидаги мутахассислар иштирок этди.

"PATWA International Travel Awards" мукофоти авиация, меҳмонхоналар, сайёҳлик агентликлари ва операторлари, сайёҳлик йўналишлари, давлат идоралари, вазирликлар, хизмат кўрсатувчи провайдерлар каби туризмни ривожлантиришда иштирок этган шахслар ва ташкилотларга берилади.

Тақдимот 7-9 март кунлари Германиянинг Берлин шаҳридаги “ITB Berlin” туризм кўргазмаси доирасида бўлиб ўтди. Мазкур кўргазма 1966 йилдан буён туризм бўйича дунёдаги етакчи савдо ярмаркаси ҳисобланади.

Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов бошчилигидаги делегация вазирлик мутасаддилари, “Миллий PR-маркази” ДУК, “Uzbekistan airways” АЖ, “Silk Road Samarkand” халқаро сайёҳлик маркази, Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари ходимларидан иборат.

“ITB Berlin” туризм кўргазмасидаги Ўзбекистон стендида мамлакатимиз миллий анъаналари, урф-одат ва маросимлари маданий чиқишлар орқали намойиш этилди. Шу билан бирга, кўргазманинг биринчи кунидаёқ мамлакатимизнинг расмий вакиллари юртимиз туризм салоҳиятини хорижда кенг оммалаштириш ва туристлар оқими кўпайтириш юзасидан бизнес учрашувлар ўтказишди.

“BBC news” телеканали, Австралиянинг “Lonely Planet” нашрлар компанияси, Кореянинг “Surious Korea” саёҳат компанияси, Германиянинг “Travel Dudes.com” медиа компанияси ва “Amadeus” IT-компанияси, Туркманистоннинг “Pearl of Asia” саёҳат компанияси, Саудия Арабистонининг “Saudi International Travel Company” саёҳат компанияси, шунингдек, Ҳиндистоннинг “OTM” кўргазмаси ҳамда “Indian Railway Satering & Tourism Corporation Ltd” туризм корпорацияси вакиллари билан учрашувлар ташкил қилиниб, ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

"Ўзбекистонда бир неча бор бўлганман. Туризм инфратузилмаси, инвестиция борасида ҳам яхши ўзгаришларни кўряпман. Ўйлайманки, ҳозир мамлакат ўз инвестицияларини туризм соҳасига йўналтириши учун айни вақт, – деди CNN вакили Имрон Аҳмад. – Биз Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари билан музокаралар олиб бордик. Бугунга келиб Тошкент ва Самарқанд каби шаҳарлардаги меҳмонхоналар хорижий сайёҳларни жалб қилишга тайёр. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон халқаро сайёҳлик учун энг яхши ривожланган туризм инфратузилмасига эга".

Кўпроқ янгиликлар